Ўзбекистон президентининг 19 августда имзоланган фармони билан тадбиркорларга бир қатор енгилликлар берилади.

“Ўзбекистон Республикаси президентининг тадбиркорлар билан V очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб айланмадан олинадиган солиқ тўловидан илк марта қўшилган қиймат солиғи тўловига ўтган тадбиркорлик субъектларига қуйидаги рағбатлантириш чоралари қўлланилади:
- бир йил давомида фойда солиғини тўлашдан озод қилиш;
- бир йил давомида ҚҚС тўловчиси сифатида солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини бузганлик учун молиявий жарима қўлламаслик;
- 6 ой давомида бухгалтерия хизматлари харажатларининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 3,5 бараваридан ошмаган қисмини тўлаётган солиқ тўловлари ҳисобидан чегириб ташлаш.
Белгиланишича, фойда солиғи бўйича ҳар ой бўнак тўловларини тўлаши лозим бўлган тадбиркорлик субъектлари даромадининг чегаравий миқдори 10 миллиард сўмдан 20 миллиард сўмга оширилади.
Тадбиркорлик субъектлари ўз маблағлари ҳисобидан ижтимоий инфратузилма тармоқлари қуриб, беғараз топширганда, ушбу объектлар учун қилинган харажатлар фойда солиғи базасидан камайтирилади.
Солиқ қўмитаси матбуот хизматининг билдиришича, ушбу ўзгаришлар Солиқ кодексига киритилгандан сўнг кучга киради.
Изоҳ (0)