Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон касалликнинг олдини олиш учун коронавирусга қарши эмланди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Абдуфаттоҳ Шарифзода маълум қилди, деб ёзади Asia-Plus.

Архив

Архив
Фото: Тожикистон президенти матбуот хизмати

У президент айнан қайси вакцинани нечта дозада олганига аниқлик киритмади ва бундай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, республикага шу пайтгача уч хил — Британиянинг AstraZeneca, Хитойнинг CoronaVac ва АҚШнинг Moderna вакциналари келтирилган. Бундан ташқари, норасмий хабарга кўра, Россиянинг «Спутник V» вакцинаси 3 мингта дозада ҳукумат касалхонасига етказилган, улар билан ҳукумат аъзолари эмланган.

Айни вақтда матбуот котиби қайд этишича, давлат раҳбари Айни туманига сафари чоғида туман раҳбарияти ва фаоллари олдида нутқ сўзлаб, касалликнинг олдини олиш, соғлиқни асраш ва коронавируснинг янги штаммларидан ҳимояланиш учун барчани эмланишга чақирди.

«Шахсан мен вакцина олдим. Сизга ҳам эмланишни маслаҳат бераман. Албатта, вакцинациядан ўтинг ва бу касаллик билан ҳазиллашманг», — деган Эмомали Раҳмон.

Президент учрашувда таъкидлаганидек, аҳолининг катта қисми вакцинация билан қамраб олинган мамлакатларда ўлим статистикаси паст.

«Эмланган одам касал бўлган тақдирда ҳам, касаллик енгил шаклда кечади. Ўзингиз, фарзандларингиз ва тожик халқи ҳақида ўйланг», — дея қўшиб қўйди президент учрашувда.

Июль ойи охирида «Озоди» радиоси ўз манбаларига таяниб, сўнгги бир неча ҳафта ичида Тожикистон президентининг ўндан ортиқ яқин қариндошлари ва оила аъзолари коронавирус симптомлари билан мамлакатнинг турли касалхоналарига ётқизилганини маълум қилганди.

Июлда Эмомали Раҳмоннинг синглиси Қурбонби Раҳмонова ва президентнинг қайнанаси Ўзбекби Асадуллоева коронавирус оқибатида вафот этди.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев коронавирусга қарши тўлиқ эмлангани ҳақида давлат раҳбарининг матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилган эди. «Президентимиз масъулиятли фуқаро сифатида, албатта, вакцина олганлар. Ўша вақтда Ўзбекистонда 3 та вакцина рўйхатдан ўтган эди: ZF-UZ-VAC2001, AstraZeneca ва ‘Спутник V’. Президентимиз шу вакциналардан бири билан тўлиқ эмланганлар», — дея таъкидлаган Шерзод Асадов.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров 23 июль куни коронавирусга қарши вакцина қабул қилди. Вакцинациядан сўнг Жапаров фуқароларни ундан ўрнак олиб, коронавирусга қарши эмланишга чақирди. Жапаров Хитойда ишлаб чиқарилган Sinopharm вакцинасининг биринчи дозасини олди.

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирусга қарши Қарағанда фармацевтика заводида ишлаб чиқарилган «Спутник V» вакцинаси билан эмлангани ҳақида апрель ойида маълум бўлган эди.

Россия президенти Владимир Путин 23 март куни коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланганди. Путин омма олдида эмланишдан бош тортган. 14 апрель куни эса Путин вакцинанинг иккинчи дозасини қабул қилди. Унинг қайси вакцина билан эмлангани номаълум эди. Кремль бу маълумотни ошкор қилишдан бош тортганди. Кейинроқ тўғридан-тўғри эфирдаги халқ билан мулоқот чоғида президентнинг ўзи «Спутник V» билан эмланганини маълум қилди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар