Исроилда аномал иссиқ иқлим туфайли Қуддус яқинидаги Шореш ҳудудида ёнғинлар кузатилди. Бу ҳақда The Jerusalem Post хабар тарқатган.

Фото: The Jerusalim Post

Ёнғинлар, тахминан, 10 гектар майдондаги ўрмонлар ҳудудини қоплаб олган. Уларни бартараф қилиш учун 8 та ёнғин ўчириш самолёти, вертолёт ҳамда 24 та ўт ўчирувчи ва қутқарувчилар гуруҳи юборилган.

Айни вақтда гуруҳлар оловнинг яқин атрофдаги ёнилғи қуйиш шохобчасига ўтиб кетмаслиги юзасидан чоралар кўрмоқда ва аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилган.

Ўрмон ёнғинлари туфайли Қуддус ва Тель-Авивни ўзаро боғлаб турувчи автомобиль йўли вақтинча ёпиб қўйилган.

Исроилда икки ҳафта давомида ҳаво ҳароратининг, тахминан, 34—35 даража иссиқ бўлиши тахмин қилинган.

Аввалроқ КипрХорватия ва Грецияда кучли ўрмон ёнғинлари содир бўлган. Шунингдек, Туркияда ҳам бир ҳафтадан буён ўрмон ёнғинларини бартараф қилиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Анталияни фалокат ҳудуди деб эълон қилган, кейинчалик ўрмонларга ўт қўйишда гумонланиб бир кишининг қўлга олингани маълум бўлди. «Олов болалари» террорчилик ташкилоти Туркиядаги ўрмон ёнғинлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.