Туркияда террорчилик ташкилоти деб тан олинган «Олов болалари» гуруҳи ўрмон ёнғинлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Бу ҳақда Yeni Safak газетаси гўёки ташкилотга алоқадор ижтимоий тармоқларга таяниб хабар бермоқда.

Фото: AP Photo

«‘Олов болалари’ Туркия ҳудудларидаги саботаж учун жавобгарликни ўз бўйнига олади», — дейилади ташкилот баёнотида.

Шунингдек, газета келтириб ўтган хабарда айтилишича, «турк режими бошқа ҳеч қандай тилни тушунмаслиги сабабли» ташкилот тарафдорлари ўрмонларга ўт қўйган.

Нашр маълумотларига кўра, «Олов болалари» Анқара томонидан экстремистик деб тан олинган «Курдистон ишчилар партияси» билан ҳам алоқадордир.

Июль охирида Туркия жанубида иссиқ ва қуруқ ҳаво шароитида ўрмон ёнғинлари бошланди. Ҳукумат тақдим этган сўнгги маълумотларга кўра, Анталя вилоятидаги Манавгат курорт шаҳрида етти киши ёнғин қурбони бўлган. Мармарисда яна бир киши ҳалок бўлган. Жабрланганларнинг умумий сони 864 кишига етди.

Аввалроқ Эрдўғон ёнғинлар юзасидан тергов олиб боришда ўт қўйиш версияси истисно қилинмаётганини айтганди. «Биз ёнғинлар сабабларини диққат билан текширамиз. Агар ўз ватанига ўт қўйишга қодир шундай хоинлар бўлса, улар энг шафқатсиз жазога лойиқ бўлади», — деганди у.

Кейинроқ Туркия ҳукумати мамлакат жанубидаги ёнғинлар юзасидан бир киши ҳибсга олинганини маълум қилди.