31 июль куни ижтимоий тармоқларда «Андижон вилояти ҳокимлиги биноси олдини бир нечта аёллар йўлларни тўсгани айтилмоқда» сарлавҳаси остида видеолавҳа тарқалган эди. Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ушбу фуқаролар вилоят ҳокимининг қабулига келгани, бироқ Шуҳрат Абдураҳмоновнинг қабул санаси ўзгаргани сабаб улар ҳоким ўринбосари қабулига киришни истамасдан, ҳуқуқбузарлик содир этганини маълум қилган.

Кадр: YouTube

Андижон вилояти ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Андижонда шаҳар ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун жиноят ишлари бўйича шаҳар судига юборилган.

Очиқ суд мажлисида 17 нафар фуқаро Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183 (майда безорилик), 194-1 (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ҳамда 201-модда 1-қисмида (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Хусусан, ҳуқуқбузарлик содир этган 11 нафар фуқарога нисбатан саккиз суткадан 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси тайинланган. Яна олти фуқарога нисбатан БҲМнинг етти баробари миқдорида (1,715 миллион сўм) жарима белгиланган.

Бундан аввал Бухорода кредит ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсгани, Боғотда газ таъминоти йўқлиги сабаб аҳоли йўлни тўсиб қўйгани ҳақидаги хабарлар юзасидан расмий маълумот берилгани ҳамда Кегайлида нафақа пулларини олмаган фуқаролар йўлни тўсгани ҳақида хабар берилганди.