Туркия ҳукумати мамлакат жанубидаги ёнғинлар юзасидан бир кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Мармарисдаги матбуот анжуманида маълум қилди, деб ёзади «РБК».

Фото: «РИА Новости»

«Миласдаги ёнғинга алоқадор бир киши қўлга олинди. Олдин айтиб ўтганимдек, террорчилик ташкилоти етакчилари ўрмонларни ёқиш ҳақида кўрсатма берганидан кейин мамлакатда ўрмон ёнғинлари майдони икки марта кенгайди. Ҳозирги ёнғинлардан баъзилари ана шу буйруқлар бўйича содир этилганини истисно қилмаймиз. Бизнинг вазифамиз — бизнинг ўрмонларимиз ва ўпкаларимизни ёқиб юборганларни топиш», — деди давлат раҳбари.

Аввалроқ Эрдўғон ёнғинлар юзасидан тергов олиб боришда ўт қўйиш версияси истисно қилинмаётганини айтганди. «Биз ёнғинлар сабабларини диққат билан текширамиз. Агар ўз ватанига ўт қўйишга қодир шундай хоинлар бўлса, улар энг шафқатсиз жазога лойиқ бўлади», — деганди у.

Шунингдек, Туркия ҳудудларида ўрмон ёнғинлари оқибатида етган зарарни бартараф қилиш бўйича шошилинч чораларга дастлабки босқичда 50 миллион турк лираси (тахминан 6 миллион доллар) ажратилди.

«Жабрланган ҳар бир киши давлатдан ёрдам олади. Зарар тўлиқ ҳажмда қоплаб берилади, солиқлар тўлаш тўхтатиб турилади. Бир йил давомида фалокат ҳудудида ёниб кетган барча турар жой иншоотлари қайтадан қурилади», — деди Эрдўғон.

Президент 31 июль, шанба куни кечки пайтга келиб, ўрмон ёнғинларининг аксарият ўчоқларининг тарқалиши тўхтатилиб, ўчирилганини маълум қилди. Ёнғинларни ўчиришда Туркияга Россия, Украина, Эрон ва Озарбайжон ёрдам берди.

Туркия жанубидаги ўрмон ёнғинлари 28 июлда бошланди. Дастлаб улар Анталия атрофидаги ҳудудларни қамраб олган бўлса, кейинроқ Бодрум ва Мармарис каби бошқа курорт ҳудудларга ҳам тарқала бошлади. Шу сабабли ҳукумат жабр кўрган вилоятларни фалокат ҳудуди деб эълон қилди.

Ёнғинлар оқибатида ўнлаб одамлар жабрланди, қишлоқ хўжалик майдонлари, фермалар йўқ қилинди, чорва моллари нобуд бўлди. Ёнғин хавфи остида қолган турар жой ҳудудларидан аҳоли эвакуация қилинди. Фавқулодда вазият туфайли Туркия жанубида сайёҳлик тадбирлари, экскурсиялар бутунлай тўхтатилди.