Япониянинг Токио шаҳри мезбонлик қилаётган Олимпия ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар 30 июль кунги чиқишларини якунлади.

Дзюдо

+100 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Бекмурод Олтибоев стартни кўтаринки руҳда бошлади. У 1/16 финалда мўғулистонлик Дуренбаяр Улзибаярни иппон баҳоси билан енгиб, кейинги босқичга йўл олди. 1/8 финалда Олимпиаданинг икки карра совриндори нидерландиялик Ҳенк Грол иппон орқали таслим этилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Чорак финалда Олтибоевга Рио Олимпиадаси чемпиони Лукаш Крпалек дуч келиб қолди. Қийин кечган баҳсда Бекмурод рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Қайд этиш керак, чехиялик дзюдочи якунда чемпионликни қўлга киритди. Мағлубиятдан кейин Олтибоев бронза медали учун курашадиган бўлди. Бироқ ўтиш баҳсида украиналик Якив Хаммога ютқазиб қўйди.

Шу тариқа ўзбекистонлик дзюдочиларнинг яккалик баҳсларидаги иштироки якунланди. Ўн нафар дзюдочидан фақат Давлат Бобонов бронза медалига эга чиқди, қолганлар эса мусобақани медалсиз тарк этди. 31 июль куни дзюдочилар жамоавий баҳсларда иштирок этади.

Бокс

-69 кг вазн тоифасида Ўзбекистон номидан иштирок этган Бобоусмон Ботуров чорак финалда ушбу вазннинг биринчи рақамли вакили Пет Маккормакка қарши рингга кўтарилди. Тенг курашлар остида кечган баҳсда ҳакамлар британиялик спортчининг ғалабасини қайд этди.

Фото: Getty Images

Райҳона Қодирова (-60 кг) эса Олимпиададаги иштирокини 1/8 финалдан бошлади. Унга ушбу босқичда Конго ДР вакили Юмба Наомие дуч келди. Райҳона жангни ишончли ўтказиб, 5:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва чорак финалга чиқди. Унинг кейинги босқичдаги рақиби амалдаги жаҳон чемпиони бразилиялик Беатрис Феррейра бўлади.

Фото: Getty Images

Шу билан Олимпиада чорак финалига йўл олган ўзбекистонлик боксчилар сони икки нафарга етди. Аввалроқ Баҳодир Жалолов бу ишни уддалаганди. 7 нафар боксчи мусобақаларни тарк этди.

Енгил атлетика

Уч ҳатлаб сакраш бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Роксана Худоёрова саралаш босқичида иштирок этди. Учта уринишда у қайд этган энг яхши натижа 13,02 метрни ташкил қилди. Бу эса финал йўлланмаси учун камлик қилди ва Роксана Олимпия ўйинларидаги иштирокини якунлади.

Фото: МОҚ

Сузиш

50 метрга эркин усулда сузиш бўйича Ўзбекистон номидан иштирок этган Наталя Критинина саралаш босқичидаёқ ўз юришини тўхтатди. Критинина маррани босиб ўтиш учун 26.93 сония вақт сарфлади, бу эса ярим финал йўлланмаси учун камлик қилди. Шу тариқа сузиш спортида ҳам Ўзбекистон вакилларининг иштироки якунланди.