Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида 29–31 июль кунлари сел келиши хавфи бор. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.

Қайд этилишича, бу Фарғона водийси вилоятларининг тоғли ҳудудларида ва водийнинг Қирғизистон билан чегарадош ҳудудларида кутилаётган маҳаллий ёмғирлар ҳисобига юз бериши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни Қирғизистон ҳудудида кучли ёмғир ёғиши оқибатида Наманган вилоятининг Косонсой туманига сел келганди. Ҳодиса оқибатида 6 киши тан жароҳати олди, 9 киши ҳалок бўлди. Уларнинг энг каттаси 48, энг кичиги эса 6 ёш бўлган. Селдан жабрланиб касалхоналарга жами 24 киши мурожаат қилган.

Наманган вилояти Поп тумани тоғли «Имомота» МФЙ ҳудудларидаги сойда эса 20 июль кечаси кучли сел бир қанча автоуловларни оқизиб кетди. Сел оқибатида  жабрланган ёки ҳалок бўлганлар йўқ. Шу куни ёғган кучли жала оқибатида Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги айрим хонадонлар ҳам жиддий зарар кўрди.

Фарғона вилоятининг Сўх туманида июлда уч марта сел кузатилди, 20 та хонадон зарар кўрди. Жабрланган оилаларга ёрдам пуллари тарқатилди