Дзюдо бўйича -81 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шарофиддин Болтабоев 27 июль куни Токио—2020 Олимпиадасининг бронза медали учун ўтиш баҳсида иштирок этди.

Фото: МОҚ

Болтабоев ушбу баҳсда грузиялик Тато Григалашвилига қарши татамига чиқди ва вазари баҳоси билан имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа Шарофиддин ҳам мусобақани медалсиз якунлади.

У 1/8 финалда болгариялик Ивайло Ивановга қарши баҳс юритиб, «олтин очко» эвазига ғалабага эришган бўлса, 1/16 финалда вануатулик Уго Кумбони мағлубиятга учратганди.

Бунгача -63 кг вазн тоифасида ҳаракат қилаётган дзюдочи Фарангиз Ҳожиева Кабо-Верде вакили Сандрин Биллетга мағлуб бўлиб, Олимпиададаги иштирокини якунлаганди.

Таэквондочи Светлана Осипова эса 1/8 финалда қозоғистонлик Жанзел Денизга қарши жанг қилиб, сўнгги сонияларда  мағлубиятга учраганди.