Ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина Токиодаги Олимпия ўйинлари бошланишига бир кун қолганда Ўзбекистон байроқдорлари ўзгаришига муносабат билдирди.

Фото: Getty Images

«Нега ўзгариш бўлгани ҳақида менга ҳеч ким изоҳ бермади, мен бормаслигимни айтишди, холос. Иштиёқим сўнди. Бундай қилиш керак эмас. Шунчаки тушунтириш мумкин эди, ахир ҳаммамиз одаммиз, тушунамиз», — дея Чусовитинадан иқтибос келтиради «Sputnik Uzbekistan».

Қайд этиш жоиз, аввалроқ Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати Олимпиада очилиш маросимида Ўзбекистоннинг икки байроқдоридан бири Оксана Чусовитина бўлишини эълон қилинганди. Иккинчиси эса бокс бўйича терма жамоа аъзоси Бобоусмон Ботуров бўлиши лозим эди.

МОҚ сайтида чиққан хабар

Скриншот: «Дарё»

Бироқ очилиш маросимига бир кун қолганда байроқдорлар ўзгарди ва боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулова Ўзбекистон байроқдорлари бўлиши эълон қилинди. Бунга МОҚ вакили қуйидагича изоҳ берган:

ХОҚ тавсиясига кўра, ҳар бир давлатдан бир аёл ва бир эркак номдор спортчи байроқдор бўлади. Ўзбекистон байроқдорларини танлашда авваламбор ҳар бир спорт тури бўйича мусобақалар жадвали, қолаверса барча делегатлар ва спортчиларнинг фикрини инобатга олган ҳолда, бу вазифа боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага ишониб топширилди.

Ойбек Қосимов, МОҚ бош котиби

Эслатиб ўтамиз, бу Оксана Чусовитина учун фаолиятидаги саккизинчи Олимпиада ўйинлари ҳисобланади. Спортчи Токиодаги Олимпиададан сўнг фаолиятини якунлашини айтиб ўтган.