«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
21:55, 19.07.2021 41028

Фото: Хавф билан бирга завқни туйиш имконини берувчи темир йўл йўналишлари

Поездлар бир неча аср давомида савдо-сотиқни ривожланишида муҳим рол ўйнаган, сайёҳ ва йўловчилар ҳаётининг бир қисмига айланиб улгурган. Қандай мақсадда қурилишидан қатъи назар, шаҳар ва қишлоқларни бир-бири билан боғлаб турувчи, масофаларни яқин қилувчи ҳамда йўналиш давомида табиатнинг гўзаллиги билан бирга хавфни ҳис қилишга сабаб бўлувчи темир йўллар қаерда жойлашгани ҳақида маълумот бериб ўтамиз.

Асо — Минами, Япония

Фото: Travel Ask

Ўрмон ва тепаликлари ўртасидан ўтган темир йўл йўналиши, ғайриоддий равишда фаол бўлган вулқон билан ҳам кесишади. Атрофдаги манзара гўзаллиги билан кишини ўзига ром этади. Аммо геологлар вулқон отилишини олдиндан айтиши, ҳайдовчилар маршрутни қанчалик синчковлик билан режалаштиришига қарамай, вулқондан отилиб чиқадиган суюқ чоғ босиши хавфи ҳамиша мавжуд.

Ченнай — Рамешварам, Ҳиндистон

Фото: Travel Ask

Ҳиндлар учун муқаддас ҳисобланган Рамешварам оролидаги бир қанча ибодатхоналар нафақат маҳаллий диндорларни, балки архитектурани шайдоси бўлган сайёҳларни ҳам ўзига мафтун қилади. Оролга боришнинг энг осон ва арзон варианти поезддан фойдаланиш эканига қарамай, аксарият ҳолда одамлар ундан ранглари оқарган, қўрқув акс этган юз ифодаси билан тушиб келади. Йўлнинг бир қисмини Ҳинд океани устидан ўтган ва 1910 йилларда қуриб битирилган Памбан кўприги ташкил қилади. Бор-йўғи 2 километрлиги арзимасдек туйилиши мумкин, лекин гап бошқа ёқда. Поезд кўприкка етиб келганда жуда ҳам секин — соатига 20 километр тезликда ҳаракатланади. Бунда йўл худди охири йўқдек, узоқ туйилади. Океандаги сув тинч бўлса одамлар унчалик хавотирга тушмаслиги мумкин, лекин ҳаво ўзгариб, тўлқинлар поезд ойналарига келиб урилса, йўловчилар қўрқув билан манзилга етиб олади.

Жоржтаундаги ҳалқа йўли, АҚШ

Фото: Travel Ask

Колорадо штатидаги қояли тоғларда жойлашган темир йўлдан қачонлардир кончилар кумуш конларига етиб бориш учун фойдаланган. Конлар бундан бир неча ўн йил аввал ёпилганига қарамай, темир йўл бугунги кунда сайёҳлар учун кўнгил очадиган жойлардан бирига айланган. Аммо поезднинг «Иблис дарвозаси» — қулаб тушиш хавфи юқори бўлган, баланд қозиқоёқларга ўрнатилган кўприк бўйлаб ҳаракатланишини кўнгилхушликка тенглаштириб бўлмайди.

Каайман темир йўл кўприги, ЖАР

Фото: Travel Ask

Бу ЖАРда қурилган илк қайрилма кўприк ҳисобланади. 36 метр баландликда жойлашган кўприк Каайман дарёсини кесиб ўтади. Сув тошган вақтида тўлқин деярли темир йўл баландлигигача етиб боради. Кўприкнинг бунёд қилинганига 100 йилдан кўпроқ вақт бўлган ва сўнгги марта 2006 йилда кучли бўрондан кейин таъмирланган. Айнан шу сабаб ҳам тўлқинларининг бу каби ҳаракатланишидан киши асосли хавотирга тушади.

«Ўлим йўли», Таиланд

Фото: Travel Ask

Ям-яшил ўрмонлар орқали Таиланд ва Мьянмани бирлаштириб турадиган темир йўл — ўлим йўли деб аталади ва бу бежизга эмас. Ушбу йўл Иккинчи жаҳон уруши вақтида америкалик ва британиялик ҳарбий асирлар томонидан қурилган. Тинимсиз меҳнат, касаллик ва жароҳатлар сабаб юзлаб одамлар ҳалок бўлган. Бу йўлнинг қурилиши, унда иштирок этганларнинг бошдан кечирганлари ҳақида тушунчага эга бўлишни истаганларга 1957 йилда суратга олинган «Квай дарёсидаги кўприк» номли фильмни томоша қилиш тавсия қилинади.

Салта — Антофагаста, Аргентина ва Чили

Фото: Travel Ask

Лотин Америкасининг икки мамлакатини бирлаштириб турадиган маршрут тоғлар орасидан ўтган бўлиб, уни қуриш учун деярли 30 йил вақт кетган. Поезд кўприк устида ҳаракатланганда киши гўзал манзарадан баҳра олиш, булутлар орасида сузиб юргандек ҳисни туйиш билан бирга, баландликдан қўрқиши мумкин. Аргентинадан Чилига самолётда бир неча соатда етиб бориш имкони борлигига қарамай, сайёҳларнинг аксарияти поезддан фойдаланишни афзал билади.

Чикубанг кўприги, Индонезия

Фото: Travel Ask

Мамлакатдаги энг узун ҳисобланган мазкур кўприк Жакартани Бандунг шаҳри билан боғлаб туради. 11 та пўлат таянч асосида қурилган кўприкнинг баландлиги 80 метрни ташкил қилади. Водийдаги кучли шамолдан бироз чайқалиши мумкинлиги, унинг машҳурлиги ва йўловчиларнинг сонига таъсир қилмайди.

«Иблис бурни», Эквадор

Фото: Travel Ask

Ушбу темир йўлни бунёд қилиш учун 4000 ишчи керак бўлган, уларнинг деярли ярми қурилиш давомида ҳаётдан кўз юмган. «Иблис бурни»да ҳаракатланган поезддаги йўловчилар тоғларнинг бир қисми ёки тош ўпирилиши мумкинлиги сабаб манзилга етгунча юрагини ҳовучлаб ўтиради.

Оқ довон ва Юкон маршрути, Аляска, АҚШ

Фото: Travel Ask

Мазкур темир йўл Аляскадаги олтин қазиб олувчи ва кончилар томонидан қурилган. Баланд тоғ ва ям-яшил ўрмонларни кесиб ўтадиган йўл ҳали-ҳамон сайёҳлар эътиборини ўзига жалб қилади.

Пилатус, Швейцария

Фото: Travel Ask

Дунёдаги энг ўзига хос темир йўллардан бири ҳисобланган Пилатус 1889 йилда фойдаланишга топширилган. 1-2 вагондан иборат поезд тахминан ярим соатда йўловчиларни тоғ этагидан энг юқори чўққигача олиб чиқади ва бу масофа 2100 метрни ташкил қилади. Одамлар ўзини «американча тепалик» аттракционидагидек ҳис қилиши учун вагондаги ўриндиқлар худди театрдаги сингари турли баландликка жойлаштирилган.

Куранда-Скеник, Австралия

Фото: Travel Ask

«Баррон дараси» миллий боғи, зич ўрмон ва шаршаралар орасидан ўтадиган маршрут дунёдаги энг хавфли йўналишлардан бири ҳисобланади.

Линтон ва Линмут Клифф, Буюк Британия

Фото: Travel Ask

Энига ҳаддан ташқари тор бўлган мазкур йўл темир йўлдан ҳам кўра кўпроқ кўнгилочар боғлардаги аттракционни эсга солади. ХХ асрда атиги 3 йил давомида қуриб битирилган йўл Линтон ва Линмут шаҳарларини боғлаб туради. Унда ҳар бири 40 нафар йўловчи учун мўлжалланган иккита фуникулёр ҳаракатланади. Поезд жуда ҳам секин юришига қарамай, нафақат маҳаллий аҳоли, балки сайёҳлар ҳам ундан фойдаланишни яхши кўради.