UzAuto Motors компаниясида бошқарув ва ишлаб чиқаришни босқичма-босқич ўзгартириш ишлари доирасида, ягона платформадаги янги автомобиль моделларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши режалаштирилган. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Қайд этилишича, инвестициялар ҳажмини оптималлаштириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳамда ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш имконини берувчи ушбу платформа асосида бир нечта моделларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Chevrolet Onix ва Tracker моделларини ўзлаштириш доирасида ишлаб чиқариш имконини берадиган ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари 2021 йилнинг 15 июль санасидан – 21 август санасигача режалаштирилган.

Маълум қилинишича, Chevrolet Onix ва Tracker битта платформада йиғилади. Янги платформани жорий этиш дастури янги ишлаб чиқариш тизимига ўтишни, автомобиллар қисмларини маҳаллийлаштирилиш ва мослаштиришга имкон беради.

UzAuto Motors’нинг Асака шаҳридаги заводида янги платформани жорий этиш дастурини амалга ошириш учун қўшимча тарзда яна 500 нафарга яқин хорижий мутахассислар жалб қилинди.

«UzAuto Motors тайёр маҳсулотни етказиб бериш бўйича барча шартнома мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлайди. Режалаштирилган модернизация ишлари олдиндан тузилган транспорт воситаларини етказиб бериш жадвалига таъсир қилмайди», – дейилади хабарда.

Бундан аввал UzAuto Motors Chevrolet Onix’ни сотувга чиқаришдан аввал турли соҳа вакиллари ва блогерлар иштирокида синовдан ўтказгани, UzAuto Motors Cobalt’нинг янги ранглари пайдо бўлгани ҳақидаги хабарларни рад этгани ҳамда Ўзбекистонда бир йил ичида енгил автомобиль экспорти қарийб 85 млн долларга ошгани ҳақида хабар берилганди.