SpaceX раҳбари Илон Маск британиялик миллиардер Ричард Бренсонни коинот чегарасига муваффақиятли парвози билан табриклади, деб ёзмоқда «РБК».

Фото: AP Photo

«Табриклаймиз, ажойиб парвоз!» — деб ёзди Маск Бренсоннинг пости остидаги изоҳида.

Маск Бренсон билан парвоздан олдин учрашган ва уни қўллаб-қувватлашини билдирган. Кейинчалик Бренсон Маск билан тушган фотосуратини жойлаштириб, унга қуйидагича изоҳ берди: «Олдинда буюк кун бор. Тонгни дўстингиз билан бошлаш қандай яхши».

Amazon асосчиси Жефф Безос ҳам Бренсонга ўз табрикларини йўллади. «Клубга қўшилишни интиқлик билан кутмоқдаман», — деб ёзган у Instagram’да.

Virgin Galactic компанияси асосчиси Ричард Бренсон 11 июль куни VSS Unity суборбитал ракетопланида коинотга муваффақиятли парвозни амалга ошириб, космик туризм даврини бошлаб берди.

Жефф Безос 20 июль куни Blue Origin компаниясининг космик кемасида укаси Марк Безос билан суборбитал парвозни амалга оширади. Шунингдек, Безос 82 ёшли америкалик учувчи аёл Уолли Фанкни ўзи билан бирга коинотга учишга таклиф қилган.

Blue Origin ва Virgin Galactic — ўзаро рақобатчи, иккаласи ҳам космик туризмни ривожлантиришни режалаштирмоқда.

SpaceX раҳбари Илон Маск эса 2050 йилгача Марсга бир миллион одамни юборишни мақсад қилган. 2020 йилда Маск ўз компаниясининг олти йилдан кейин биринчилардан бўлиб Марсга одам етказиши мумкинлигини айтганди. «Агар омадимиз келса, тўрт йилда ҳам бўлиши мумкин», — деб тахмин қилган у. SpaceX’нинг Марсга учувчисиз миссиясини икки йилдан кейин амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, Маск Марсни ўзлаштириш жараёнида анча-мунча одам қурбон бўлишини ҳам тан олган.