Флорида штати, Майами яқинидаги Сёрфсайд шаҳарчасида ярми қулаб тушган 13 қаватли бино тўлиқ бузиб ташланди, деб ёзади Reuters.

Фото: Twitter

Флорида штатига 6—7 июль кунлари Элза довули яқинлашиши кутилаётгани сабабли шундай қарорга келинган.

Ишчилар мажмуа қолдиқларидаги устунларни тешиб, уларга кичик портловчи зарядларни жойлаштирган. Шу тарзда бинонинг қолган қисми қулатилган.

Эслатиб ўтамиз, 24 июнь куни эрталаб ушбу 135 та хонадондан иборат 13 қаватли бино қулаб тушган. 26 июнь куни кечга келиб беш кишининг жасади топилган, икки ярадор эса оғир аҳволда эди. 156 киши бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Уларни қидириш вақтинча тўхтатилган ва бузиш ишларидан кейин қайта тикланади.

Бино нима сабабдан қулаб тушгани номаълум. Бундан 40 йил аввал қурилган ушбу бино икки йил олдин текширилган вақтида «қурилманинг жиддий шикаст кўргани» аниқланган эди.