Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Афғонистондаги «Толибон» ҳаракати вакили Сухаил Шаҳин BBC News’га берган интервьюсида чет эл қўшинларининг барчаси Афғонистонни белгиланган муддатгача тарк этиши шартлигини айтиб ўтди. Бошқа мамлакатларнинг Афғонистонда қолган контингентларига истилочи сифатида қаралади, дея қўшиб қўйди Шаҳин. Унинг баёноти Афғонистонда мингга яқин ҳарбий қолиши мумкинлиги, уларнинг катта қисмини америкаликлар ташкил этиши ҳақидаги ахборот фонида янгради.

Фото: «Ruherald.com»

Фото: «Ruherald.com»

Шаҳиннинг таъкидлашича, дипломатлар, ноҳукумат ташкилотлар ва бошқа давлат фуқаролари «Толибон» учун нишон бўлмайди, улар учун ҳеч қандай ҳимояга эҳтиёж йўқ.

«Биз улар учун ҳеч қанақа хавф туғдирмаймиз», — деди у ва Афғонистон учун уларнинг фаолияти зарурлигини қўшиб қўйди.

4 июль куни кечқурун «Толибон» жангариларининг сиқуви остида яна 94 нафар афғон ҳарбийси Тожикистон ҳудудига чекинди, жангарилар Бадахшон вилоятининг Хохон уездини ҳеч қандай жангсиз қўлга киритгани айтилмоқда.

Аввалроқ «Толибон» ҳаракати жангарилари сўнгги 24 соат ичида Афғонистоннинг 13 та туманини ўз назорати остига олгани, шунингдек, жангарилар билан тўқнашувдан кейин чекинган 300 дан ортиқ Афғонистон ҳарбийларини Тожикистон чегарачилари ўз мамлакати ҳудудига киритгани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Америка ва НАТО мамлакатлари қўшинлари 29 апрелдан Афғонистондан чиқиб кетишни бошлади. Июнь ойи бошида АҚШ Афғонистондан ўз қўшинларининг учдан бир қисмини олиб чиқиб кетгани хабар берилганди. Шунингдек, Афғонистондаги НАТО миссияси тугагандан сўнг Туркия ҳарбий кучлари Кобул аэропорти хавфсизлигини таъминлашда етакчи ролни эгаллаши ҳақида АҚШ ва Туркия президентлари Жо Байден ва Ражаб Тоййиб Эрдўғон келишиб олган эди.

Associated Press хабарига кўра, АҚШ қўшинларининг асосий қисмини олиб чиққанидан кейин Афғонистонда 650 га яқин америкалик ҳарбийни қолдирмоқчи. Таъкидланишича, Афғонистонда қоладиган ҳарбийлар дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Бугунга қадар Германия ва Италия Афғонистондан ўз қўшинларини олиб чиқишни якунлади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар