Тошкентда 2 июль куни техника фанлари доктори, профессор, силикатли қийин эрувчан нометалл материаллар технологияси ва ноорганик моддалар технологияси соҳасидаги таниқли олим Темуржон Отақўзиев 85 ёшида вафот этди, деб хабар беради «Gazeta.uz».

Фото: «Gazeta.uz»

Темуржон Отақўзиев Ўрта Осиё политехника институтининг кимё-технология факультети ва ЎзССР Фанлар академияси Кимё институтида аспирантурани тамомлаган. 1964—1967 йилларда Кимё институтида ишлаган, 1968 йилдан бошлаб Тошкент политехника институтида (ҳозирги Тошкент давлат техника университети) фаолият кўрсата бошлаган. Бу ерда у катта ўқитувчиликдан кафедра мудири, декан ва ўқув ишлари бўйича проректор лавозимига қадар йўлларни босиб ўтган.

Сўнгги йилларда Тошкент кимё-технология институтида профессор бўлиб ишлаётган эди. Темуржон Отақўзиев қатор афзалликлари билан ажралиб турадиган янги цемент турини яратишга қўшган меҳнати билан машҳур.

Унинг тадқиқот йўналишларидан бири саноат чиқиндиларини утилизация қилишга қаратилган эди. Хусусан, у қурилиш материаллари — цемент, гидравлик қўшимчалар ва бошқа материалларни ишлаб чиқаришда фосфор гипсни утилизация қилишнинг оптимал вариантини топган.

Темуржон Отақўзиев — 1000 дан ортиқ илмий ишлар муаллифи. Улар орасидан монографиялар, дарсликлар ва қўлланмалар, терминологик ва изоҳли луғатлар, илмий-оммабоп рисолалар, ихтиролар учун патентлар ва муаллифлик гувоҳномалари ўрин олган. Унинг раҳбарлигида 42 фан номзоди ва 7 фан доктори ҳимоя қилган.

2007 йилда Темуржон Отақўзиев «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Мирҳожи Асқаров 89 ёшида, академик Раъно Убайдуллаева 84 ёшида, академик Шавкат Акмалхонов 87 ёшида вафот этгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги, адабиётшунос олим Тўра Мирзаев 2020 йил 29 сентябрь куни 84 ёшида, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Турсунбой Рашидов 7 октябрь куни 86 ёшида вафот этганди.