Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясининг 1-сон баёни билан мақсадли қабул параметрлари ва давлат буюртмаси параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимоти тасдиқланди, деб хабар беради ДТМ матбуот хизмати.

Тасдиқланган мақсадли қабул параметрлари ва давлат буюртмаси параметрларининг тиллар кесимидаги тақсимоти Давлат тест марказининг «My.dtm.uz» сайтига жойлаштирилган.

Эндиликда абитуриентлар «My.dtm.uz» сайтининг «Қабул-2021» бўлими орқали фанлар мажмуаси бир хил бўлган бештагача бакалавриат таълим йўналишини танлашлари мумкин.

Абитуриентларни онлайн рўйхатга олиш 2021 йилнинг 22 июлига қадар (22 июль куни ҳам) давом этади.

Мазкур муддат давомида абитуриентлар ўз маълумотларини ўзгартириши ҳамда чет тилидан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўладиган бўлса, сертификат маълумотларини тизимга киритиши мумкин.

Аввалроқ Ўзбекистонда айрим хотин-қизларни ҳокимликлар ва ОТМ ҳисобидан ўқитиш тартиби жорий этилиши, Ўзбекистонда талабалар оиласининг бетоб аъзосини парвариш қилиш учун ҳам академик таътил олиши мумкин бўлгани ҳамда Ўзбекистондаги ОТМ битирувчиларига диплом олиш учун иш берувчи корхоналардан шартнома олиб келиш юзасидан топшириқ берилмагани ҳақида хабар берилганди.