Россияда 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Ушбу хабар юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги баёнот берди.

Қайд этилишича, 1998 йилда Самарқанд вилоятида туғилган А.Файзиев Россиянинг Ленинград вилояти Всеволож туманидаги қурилиш корхонасида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга оширган.

2021 йилнинг 17 июнь куни иш вақтида техник хавфсизлик қоидаларига риоя қилмагани сабабли баландликдан йиқилиб тушган ва орадан 4 кун ўтиб, 21 июнь куни шифохонада вафот этган.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан иш берувчи билан олиб борилган музокаралар натижасида А.Файзиевнинг жасадини Ватанга қайтариш ва компенсация пуллари тўлиқ ундирилди.

Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Санкт-Петербург шаҳридаги ваколатхонаси томонидан марҳумнинг жасади 25 июнь куни Санкт-Петербург–Тошкент йўналишида Ўзбекистонга олиб келинди.

Бахтсиз ҳодиса юзасидан Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан жиноят иши очилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Иккинчи жаҳон уруши вақтида бедарак йўқолган ўзбек аскарининг хоки ватанга олиб келингани, Россияда мажбурий меҳнатдан қочиб, икки оёғидан ажралган Ўзбекистон фуқаросига ёрдам кўрсатилгани ҳамда Татаристонда ўзбекистонлик талаба 5-қаватдан йиқилиб, ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди.