Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги ўқув қуроллари сотиладиган «Солнечний» («Илм шуъласи») бозори томонда 27 июнь куни катта ёнғин чиққани айтилган фото ва видеолар тарқалди.

Фото: Видеодан кадр

Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу лавҳаларда бозор томондан кўтарилган қуюқ тутунни кўриш мумкин.

Хабарларга кўра, ёнғин бозор яқинида жойлашган ёғ заводида юз берган. Айни пайтда ёнғин бартараф этилган. Ўқув қуроллари сотиладиган бозорга зарар етмаган.

Ҳозирча ҳодиса юзасидан расмий маълумот берилмади.

Бундан аввал Зангиотадаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлгани, Самарқандда ғалласи ўриб олинган 3 гектар ер ёниб кетгани, Тошкент шаҳри Яшнобод туманида жойлашган кафе ва унга туташ бўлган уйда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар берилган эди.