Россиянинг Ленинград вилояти Всеволожск туманидаги қурилиш объектида 22 ёшли ўзбекистонлик муҳожир баландликдан йиқилиб тушиб, вафот этди, деб хабар беради «78.ru».

Фото: «78.ru»

Нашрнинг ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасининг маълум қилишича, 17 июнь куни Всеволожск шифохонасига тез ёрдам машинасида 22 ёшли Ўзбекистон фуқароси оғир аҳволда олиб келинган. Шифокорлар унга баландликдан йиқилишга оид тан жароҳатлари ташхисини қўйган. Орадан тўрт кун ўтгач, 21 июнь куни бемор реанимация бўлимида вафот этган.

Аниқланишича, ўзбекистонлик муҳожир туманнинг Иоанн Кронштадцкий кўчасидаги 12 қаватли турар жой биносининг қурилишида ишлаган. Қурилиш бошқарувчисининг сўзларига кўра, эркак компания билан шартнома асосида ишлаган, кўнгилсиз ҳодиса юз берган куни иш жойида бўлган ва номаълум сабабга кўра, баландликдан тушиб кетган, тахминларга кўра, иккинчи қаватдан. Ҳозирда ҳолат юзасидан текширув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилнинг сентябрида ҳам Ленинград вилоятининг Всеволожск туманидаги қурилиш майдончасида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси баландликдан қулаш оқибатида ҳалок бўлганди.