Шу кунларда кузатилаётган жазирама кунларда қуйидаги қоидаларга амал қилинг.

Фото: Legion Media

Жазирамадан сақланинг

Агар ўта зарурат бўлмаса, соат 11 дан 17 гача кўчага чиқманг. Бу вақт қуёш фаоллигининг максимал пайти ҳисобланади. Агар жуда зарур ишингиз бўлса:

  • Табиий матодан тикилган енгил, кенг кийим кийинг. Кийим иложи борича танани ёпиб турсин.
  • Бош кийим — шляпа, рўмол, панама, кепка эсдан чиқмасин.
  • Терининг очиқ жойларига қуёшдан сақловчи крем ​​суртинг. 50 ва ундан юқори бўлган максимал ҳимоя факторини танланг. 3-5 дақиқага чиқсангиз ҳам, ультрабинафша нурлар терингизга зарар етказиши учун етарли. Бу нафақат қуёшдан куйиш, балки фотодерматоз, тери доғлари пайдо бўлишига ҳам олиб келади. Ультрабинафша нурлар тери саратони ривожланишининг омилларидан бири эканлигини унутманг.
  • Кўчада сояда туринг ва иложи бўлса, кондиционерли хонада бўлинг.
  • Ёнингизда, албатта, газсиз минерал ёки оддий сув бўлсин.

Кўп суюқлик ичинг

Сувсизланиш бош оғриғи, ҳолсизлик, бош айланиши ва ҳушдан кетиш каби муаммоларга сабаб бўлади. Агар буйрагингизда муаммолар бўлмаса, иссиқ кунда 1,5 дан 3 литргача суюқлик ичиш лозим. Бундан ташқари, танада маълум миқдордаги намлик ҳосил бўлиши учун сувни эрталаб, кечқурун ва тунда ичиш тавсия этилади. Аммо куннинг энг иссиқ қисмида сувни оз-оздан ичинг.

Нима учун энг иссиқ вақтда кўп сув ичиш тавсия этилмайди? Чунки иссиқ ҳаво ва кўп миқдордаги суюқлик юрак-қон томирлари ва буйракларга босим беради. Агар сизда юрак-қон томир касалликлари, шу жумладан, гипертония, буйрак касаллиги бўлса ёки ҳомиладор бўлсангиз, айниқса, эҳтиёт бўлинг.

Иссиқда нима ичиш мумкин?

  • минерал сув
  • лимон ёки лайм шарбати
  • шакарсиз илиқ кўк чой
  • шакарсиз илиқ доривор чой
  • морс
  • компот
  • ферментланган сутли ичимликлар: кефир, айрон ва бошқалар. Аммо сут маҳсулотлари музлаткич ташқарисида бир соатдан ортиқ турмаслиги кераклигини унутманг, акс ҳолда бактериялар сабабли ачиши мумкин.

Иссиқликда нима ейиш мумкин?

Иссиқ ҳавода рацион енгил бўлиши керак. Мева, сабзавот, қайнатилган балиқ ва парранда гўшти, сут маҳсулотлари, шўрва, окрошка истеъмол қилинг.

Барча озиқ-овқат янги тайёрланган бўлиши лозим. Иссиқликда патоген микроорганизмлар жуда тез кўпаяди. Шу сабабли бошқа барча овқатлар сингари салатлар ҳам овқатдан заҳарланишнинг сабабчисига айланиши мумкин.

Иссиқликда нима қилиш хавфли?

  • Спорт ва жисмоний ишларни чеклаш тавсия этилади. Эрталаб ёки кечки пайт сайр қилиш мумкин. Кун давомида дам олиш ёки енгил иш билан шуғулланган маъқул.
  • Автомобильда болалар ва ҳайвонларни ёлғиз қолдирманг.
  • Совуқ булоқ ва сув омборларида чўмилманг.
  • Сауна ва ҳаммомларга борманг.
  • Иссиқ ҳаммом ва иссиқ душ қабул қилманг.
  • Ёғли, аччиқ, қовурилган овқат ва ширинликлардан тийилиб турган маъқул.