АҚШдаги Пердю университети олимлари қайнатилган ёки пиширилган картошка артериал босимни пасайтиришига ва гипертониянинг олдини олишга ёрдам беришини аниқлади. Тадқиқот натижалари Nutrients журналида эълон қилинган, деб хабар беради «Korrespondent.net».

Фото: Pixabay

Маълумки, картошка — Ғарб давлатлари аҳолиси ратционидаги асосий калий манбаи ҳисобланади. Мутахассислар калий қўшимчасининг қон босими ва бошқа юрак-қон томир касалликлари хавфига таъсирини ўрганган.

Тадқиқотда гипертония ёки предгипертензия ташхиси қўйилган 30 нафар эркак ва аёл қатнашган. Натижаларнинг кўрсатишича, пиширилган ёки қайнатилган картошка истеъмол қилиш систолик қон босимининг одатдаги Америка парҳези (картошка қўшмасдан) билан озиқланадиган назорат гуруҳига нисбатан яхшироқ пасайишига олиб келади.

Шунингдек, тадқиқот давомида картошка фрининг юрак-қон томир тизимига салбий таъсири борасидаги машҳур фикрларни йўққа чиқаришга муваффақ бўлинган. Маълум бўлишича, таркибида 330 калория бор ушбу маҳсулотни ҳар куни истеъмол қилиш қон томирларига салбий таъсир кўрсатмайди.

Картошканинг ижобий таъсири у организмда натрий етишмовчилигини камайтириши билан боғлиқ. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, мазкур полиз маҳсулоти озуқа моддалари, озуқа толалари ва калий етишмаслигини тўлдиришга ёрдам беради.

Ўртача катталикдаги бир дона картошкани истеъмол қилиш катта ёшдаги инсоннинг калийга бўлган суткалик талабини тахминан 10 фоизга қондиради.

Олимларнинг қайд этишича, уларнинг бу каби хулосаси чекланган маълумотларга асосланган ва бошланғич характерга эга. Уларнинг фикрича, картошканинг фойдали хусусиятлари ва уни тайёрлаш усули орасидаги боғлиқни аниқлаш учун қўшимча тадқиқотлар зарур.