Ўзбекистоннинг катта қисмида ёз фаслининг боши учун меъёрий қийматлардан 7-10 даражага юқори бўлган аномал иссиқ об-ҳаво 7 июнь куни ҳам сақланиб туради, деб хабар бермоқда «Ўзгидромет».

Фото: «Дарё» / Мадина Нурман

Душанба куни кечга томон Тошкент вилоятида, шунингдек тоғ олди ва тоғли ҳудудларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Кўпчилик вилоятларда кундуз куни ҳаво 40-43 даражагача, жанубда баъзи жойларда 44-46 даражагача кўтарилади. Кавказ ҳудудларидан кириб келаётган кучсиз антитциклон таъсирида республика шимолида ҳаво ҳарорати пасаяди ва 33-38 даражани ташкил этади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол 17-22 метр/секундгача, баъзи жойларда чангли бўрон билан кучайиши сақланиб туради.

8 июнь, сешанба куни Кавказ ҳудудларидан кириб келган салқин ҳаво республиканинг катта қисмини қамраб олади, бунинг ҳисобига ҳаво ҳарорати пасаяди. Ўзбекистонда ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда, фақат Тошкент вилоятида, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда шунингдек момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши эҳтимоли бор. Ҳаво ҳарорати кечалари 24-27 даража атрофида бўлади, кундуз кунлари эса ҳарорат пасаяди ва 34-38 даражани, республиканинг энг жанубида 41-43 даражагача иссиқни ташкил этади.

Қайд этилишича, бундай ҳарорат фони ҳафтанинг охиригача давом этади, аммо ҳарорат меъёрдан ҳали ҳам юқори бўлади. Ушбу даврда ёғингарчилик кутилмайди, фақат тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

8—9 июнь кунларида шамолли об-ҳаво сақланиб туради, республика бўйича шамол 17-22 метр/секундгача, баъзи жойларда чангли бўрон билан кучайиши мумкин.