Ўзбекистон ҳудудларида 6 июнда куннинг иккинчи ярмида об-ҳаво кескин ўзгариб, жойларда кучли шамол, қум бўронлари қайд этилди. ЙҲХББ матбуот хизмати барча ҳайдовчилардан йўлларда эҳтиёткор бўлишни, транспорт воситаларини дарахт ёки кучли шамолга чидамсиз жойларда қолдирмасликни сўрамоқда.
Ижтимоий тармоқларда ушбу кучли шамол акс этган видеолар ҳам тарқалди. Видеоларнинг бирида Тошкент—Чорвоқ трассасида кўрувчанлик пасайгани, Тошкент шаҳрида ҳам кучли шамол бошлангани айтилган.
Telegram’даги «Гидрометеорологик илмий таҳлиллар, об-ҳаво башоратлари, тадқиқотлар» каналининг ёзишича, соат 18:14 дан Тошкент вилояти Бўстонлиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари атмосферасида беқарорлик юзага келиб, конвектив булутлар ривожланди.
Бўстонлиқ тумани айрим тоғли ҳудудларида ҳатто жала ёғин билан биргаликда дўл ёғаётганлиги айтилмоқда.
Тармоқда тарқалган яна бир видеода Ғазалкентда кузатилган кучли шамол оқибатида уйларнинг томи учиб кетгани айтилган.
Тошкент вилоятида «Пирамида» дам олиш масканида юз бераётган кучли шамолдан томлар учиб кетмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 26 май куни Андижон шаҳри кўчаларида кучли шамол ва чанг бўронлари кузатилганди. Тошкент шаҳрида 29 май куни соат 21:00 атрофида бошланиб, тахминан, бир соатдан ортиқ давом этган кучли шамол чанг бўронларини келтириб чиқарганди. Шу куни чанг бўрони сабаб Бухородан келаётган чартер рейс Тошкентга қўнолмаганди.
Мавзуга доир: Тошкент марказида кучли шамол оқибатида Malibu устига дарахт қулади. Ҳайдовчи қиз жароҳат олгани айтилмоқда
«Ўзгидромет» сўнгги вақтларда Ўзбекистонда кўп кузатилаётган қум ва чанг бўронлари пайдо бўлишига Ўзбекистонда ва Тошкент шаҳрида жадал суръатлар билан олиб борилаётган қурилишларни сабаблардан бири сифатида кўрсатди.