Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умрзоқов Душанбе шаҳрида Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин билан учрашди, деб хабар бермоқда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, томонлар Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи (Asia Plus маълумотларига кўра, 10—12 июнь кунлари) чоғида имзоланиши режалаштирилган икки томонлама ҳужжатлар ва ҳукуматлараро битимларни ишлаб чиқиш масаласини муҳокама қилди.
Шунингдек, маданий-гуманитар соҳада фаол ҳамкорликни давом эттириш бўйича келишувга эришилди. Хусусан, маданият, санъат, фан арбоблари, шунингдек, икки мамлакат ёшларининг Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудларига ўзаро сафарларини ташкил этишга келишиб олинди.
Мамлакат ҳукуматлари Тошкент, Самарқанд, Термиз, Душанбе, Хўжанд, Пенжикент ва бошқа йирик шаҳарлар ўртасида автобус қатновини қайта тиклаш истиқболларини ҳам муҳокама қилган.
Шунингдек, томонлар БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди, «Ипак йўли» сайёҳлик брендини илгари суриш ва «зиёрат туризм»ни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича биргаликда иш олиб бориш тўғрисида келишувга эришди.
«Gazeta.uz»нинг эслатиб ўтишича, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус қатнови 26 йиллик танаффусдан сўнг, 2018 йилнинг 15 майида тикланган эди. Аммо 2020 йилнинг 16 мартидан Ўзбекистон коронавирус пандемияси туфайли бошқа мамлакатлар билан автобус қатновини чеклади, 1 сентябрдан бошлаб эса чекловларни аста-секин бекор қилишни бошлади.