Ижтимоий тармоқларда Қарши аэропортида турган самолётда йўловчилар бир ярим соат давомида туриб қолгани, уларга ҳаво етишмай, икки нафарининг тоби қочгани айтилган видео тарқалди.
«Нигоҳ» каналининг маълум қилишича, парвоз Россиянинг Royal Flight авиакомпанияси томонидан амалга оширилган. Йўловчилар бортга чиқарилгандан сўнг самолёт двигателлари ишламай қолган. Бунга об-ҳаво шароити, яъни ҳаво ҳароратининг 44 даражадан юқори бўлиши сабаб бўлган.
Натижада ушбу парвозни тунги вақтда амалга ошириш қарори қабул қилиниб, йўловчилар бортни тарк этган. Йўловчиларнинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақида хабар келиб тушмаган.
Ҳолат юзасидан Транспорт вазирлиги матбуот хизмати расмий маълумот берди. Қайд этилишича, 5 июнь куни Россиянинг Royal Flight авиакомпанияси Қарши халқаро аэропортидан ABG-2604 Қарши—Домодедово рейсини амалга ошириши лозим бўлган. Шу куни соат 13:32 да Royal Flightнинг Boeing-767-300 русумли самолёти Қарши халқаро аэропортига келиб қўнган ва аэропорт томонидан барча техник ва сервис хизматлари кўрсатилгач, соат 16:10 да барча йўловчилар самолётга чиқиб бўлган.
«Бироқ республикада кузатилаётган иссиқ туфайли самолётнинг асосий ва қўшимча двигателлари қўшилмай қолди. Самолёт компьютери параметрларини қайта териш ва бир неча бор двигателларни қўшишга қайта уринишлар ҳам иссиқнинг ҳаддан зиёд кучайиши оқибатида самара бермади. Асосий ва қўшимча двигателларни ишга тушириш имкони бўлмагач, табиийки, самолётнинг кондиционер тизими ҳам ишламади.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, халқаро фуқаро авиацияси қоидаларига кўра, йўловчилар самолётга чиқарилиб, ҳаво кемаси эшиклари ёпилгач, йўловчилар хавфсизлиги бўйича барча қарорлар самолёт экипажи командири томонидан қабул қилинади. Экипаж командири йўловчиларни тушириш ҳақида қарор қабул қилгач, йўловчилар самолётдан зудлик билан туширилди. Қарши халқаро аэропорти томонидан йўловчилар учун аэровокзалда барча зарур шароитлар яратиб берилди», — дейилади вазирлик хабарида.
Самолёт 6 июнь куни соат 04:54 да белгиланган манзилга жўнаб кетган ва 329 нафар йўловчи Домодедово аэропортига соғ-саломат элтиб қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, «Ўзгидромет» 5 июнь куни Қашқадарёда 46 даражагача иссиқ бўлишини маълум қилганди.