Самарқанд вилоятида 2020 йилда 27 та ҳолатда ис гази ва ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ нохуш ҳолат қайд этилган. Оқибатда 15 нафар фуқаро вафот этган. 33 нафар фуқаро эса жабрланган. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умид Аҳроров маълум қилди.
«2021 йилнинг ўтган даври мобайнида учта бундай кўнгилсиз ҳолат қайд этилган. Уларда тўққиз нафар фуқаро ҳаётдан бевақт кўз юмган. Уч нафари жабрланган. Хусусан, 2021 йилнинг 28 март куни Самарқанд шаҳри ‘Мақсуд Шайхзода’ маҳалла фуқаролар йиғини Лоҳутий кўчасида истиқомат қилувчи 1966 йилда туғилган фуқаро М.Т.нинг хонадонида беш нафар фуқаро ис газидан заҳарланган. Шундан бир нафари ўткир заҳарланиб, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Самарқанд филиалига ётқизилган, тўрт нафари эса воқеа жойида ҳалок бўлган», — дейди Умид Аҳроров.
Умид Аҳроровнинг таъкидлашича, куз-қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари жалб этилиб 173 та хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати 981 маротаба, 1100 та маҳалла 4545 маротаба ўрганилган. 1952 та кўп қаватли уй 4482 маротаба ва ундаги 60 минг 171 та хонадон 28 минг 910 маротаба ўрганиб чиқилган. Ушбу уйларнинг 3030 та носоз дудбўрондан 2773 таси таъмирланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2019 йилда Ўзбекистон бўйлаб 31 та ис газидан заҳарланиш ҳодисаси содир бўлгани, жабрланганлар сони 21 нафарни, вафот этганлар сони эса 50 нафарни ташкил этгани, 2020 йилда эса 70 та ис газидан заҳарланиш ҳолати содир бўлиб, жароҳат олганлар сони 66 нафарни, вафот этганлар сони эса 91 нафарни ташкил қилгани хабар берилганди.