Самарқандда фуқарони 50 минг долларга чув туширган адвокат етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Бу ҳақда «Дарё»га Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди судьяси Фарруҳ Саматов маълум қилди.
Маълум бўлишича, судланувчи М.Ш. 2016 йилдан 2019 йилнинг август ойига қадар «Самарқанд қонун устуворлиги» адвокатлар ҳайъати адвокати лавозимида ишлаб келган. Ўтган фурсат давомида у ўзининг хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда ноқонуний бойлик орттиришни мақсад қилиб, таниши Шавкат Ҳатамовнинг ишини битириб беришини айтган ва ундан 50 минг доллар олиб, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.Таъкидланишича, 2018 йилнинг 13 февраль куни жиноят ишлари бўйича Ургут туман суди Шавкат Ҳатамовнинг қайнатаси Ш.А.ни Жиноят кодексининг 276-моддаси 2-қисми «а» банди (кўп миқдорда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар) ва 246-моддаси 2-қисми (ядровий, кимёвий, биологик ва оммавий қирғин қуролининг бошқа турларини, шундай қуролларни яратишда фойдаланилиши мумкинлиги аён бўлган материал ва мосламаларни, радиоактив материалларни, шунингдек, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда контрабанда қилиш) билан айбдор деб топиб, уни 12 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.
Шавкат Ҳатамов қайнатасига ёрдам бериш учун адвокатга мурожаат қилган. Адвокат судланувчи нисбатан қўйилган айбловни олиб ташлаш ёки бошқа енгил турдаги жазога ўзгартириб, озодликка чиқариб беришни ваъда қилиб, ундан 2018 йил сентябрь ойида 50 минг долларни олиб, шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборган.
Шунингдек, судланувчи адвокат ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Навоий вилояти, Қизилтепа тумани 5-сонли жазони ижро этиш колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум Ш.А. билан учрашган. Унга соғлиғи туфайли 2-гуруҳ ногиронлиги тоифаси берилганидан хабар топиб, бу гўёки унинг хизматлари эвазига амалга оширилганини, бундан маҳкумга нисбатан қўлланилган жазо чорасини енгилроқ турдаги жазо чорасига ўзгартиришда восита сифатида фойдаланишни рўкач қилиб, маҳкумнинг турмуш ўртоғидан яна 1000 доллар олган.
Берилган ваъда бажарилмагач, Шавкат Ҳатамов адвокатдан 50 минг долларни қайтаришни талаб қилган. Адвокат эса пулларни маҳкумни озодликка чиқариб бериш эвазига Ўзбекистон Республикаси Олий судида ишловчи мансабдор шахсларга берганини айтган. Ва пулларни қайтаришни пайсалга солган.
Суд мазкур жиноят ишини кўриб чиқиб, адвокатни Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (пора бериш) билан айблаб, уни икки йил муддатга Адвокатлар палатаси тузилмаларида адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилган.