Сўнгги кунларда ижтимоий тармоқлар ва истеъмолчилар томонидан электр энергияси таъминотидаги узилишлар кузатилётгани тўғрисида мурожаатлар келиб тушаётгани сабабли Энергетика вазирлиги ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
Вазирлик матбуот хизматининг қайд этишича, бунга 1 июндан 3 июнга қадар Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида қаттиқ шамол эсиши оқибатида дарахт шохларининг синиши ва айрим кўп қаватли бинолар том қисмининг кўчиши оқибатида электр узатиш тармоқларининг шикастланиши сабаб бўлган.
Бундан ташқари, шу кунларда ҳаво ҳароратининг исиб кетиши оқибатида айрим жойлардаги трансформатор пунктларида истеъмол юкламаси ортиши кузатилиб, носозликлар келиб чиқаётгани таъкидланган.
Шунингдек, 2021—2022 йиллар куз—қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида иссиқлик электр станциялари, электр узатиш тармоқлари ва газ таъминоти тизимида модернизация ва реконструкция ишлари олиб борилаётгани, ушбу ишларни хавфсиз бажариш мақсадида режа-график асосида электр ва газ таъминотини тармоқдан ажратган ҳолда амалга оширилаётгани қўшимча қилинган.«Ҳозирда ҳудудлар бўйлаб жойлардаги ҳудудий электр таъминоти корхоналари мутахассислари томонидан аварияга қарши бригадалар ташкил этилган бўлиб, юзага келган носозликларни зудлик билан бартараф этиш ишлари олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)