Президент Шавкат Мирзиёев Термиз халқаро савдо маркази бош режаси билан танишди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ушбу марказ учун Термиз туманидан 26 гектар майдон ер ажратилган. Умумий қиймати 75 миллион доллар бўлган марказда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш, саралаш ва қадоқлаш мажмуалари қурилиб, савдо хизматлари йўлга қўйилади. Зарур инфратузилма тармоқлари барпо этилади.

Лойиҳага кўра, бу ерда 1 минг 800 та савдо нуқтаси, 50 минг тонна юк сиғимига эга логистика маркази, 400 ўринли иккита меҳмонхона, шифохоналар, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устахоналари бўлиши мўлжалланган. Корпусларнинг биринчи қаватида савдо нуқталари, иккинчи қаватида енгил ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш кўзда тутилган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро савдо марказининг йиллик савдо айланмаси 500 миллион доллар, хизматлар ҳажми 10 миллион доллар бўлиши ҳисоб-китоб қилинган. 192 миллион долларлик экспорт қуввати пайдо бўлади.

Марказнинг қурилиш ишларини бошлаш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 10 миллион доллар ажратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Давлат раҳбари марказ биноларини енгил конструкциялардан қуриш, вилоят тадбиркорларини бу ерда ишлашга ва экспорт фаолиятига жалб қилиш, чет эллик ишбилармонлар учун барча қулайликлар яратиш юзасидан кўрсатмалар берди. Бу ердаги тажриба асосида, кейинчалик, бошқа қўшни давлатлар билан чегара ҳудудларда ҳам шундай савдо марказлари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Термиз халқаро савдо марказини 2022 йилда фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Термиздаги янгиланган «Айритом» чегара божхона постини бориб кўргани, Шерободдаги замонавий иссиқхона ва анор қадоқлаш корхонаси билан танишгани ҳамда Тошкентдаги Чирчиқ дарёси бўйида виллалар ва хизмат кўрсатиш пунктлари қурилиши ҳақида хабар берилганди.