АҚШ ва Россия етакчиларининг учрашуви Швейцариянинг Женева шаҳрида бўлиб ўтиши мумкин. Бу ҳақда Оқ уйдаги манбаларига таяниб, NBC News мухбири Жефф Беннетт ўзининг Twitter саҳифасида маълум қилди. Шунингдек, Швейцариянинг Tages-Anzeiger газетаси ҳам мамлакатнинг Владимир Путин ва Жо Байден ўртасидаги биринчи учрашувга мезбонлик қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берди.
Беннеттнинг сўзларига кўра, учрашувнинг асосий мавзуси мамлакатлар ўртасидаги муносабатларнинг кескинлашуви бўлиши мумкин. Шунингдек, саммитда Корея яриморолидаги ҳолат ва коалиция кучлари олиб чиқилгандан кейин Афғонистондаги вазият масалалари кўтарилиши эҳтимоли кўзда тутилган.
17 май куни «Коммерсантъ» газетаси номи ошкор этилмаган манбага таяниб, Россия ва АҚШ давлат етакчиларининг саммити Швейцарияда бўлиб ўтиши мумкинлиги ҳақида ёзди. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бу маълумотга изоҳ беришдан бош тортди. Ўз навбатида, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков журналистларга «қаҳва қуйқасига қараб фол очмаслик»ни, расмий маълумотларнинг эълон қилинишини кутишни маслаҳат берди.
18 май куни бўлиб ўтган ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида Владимир Путин Швейцариянинг бетарафлик мақомини ҳамда халқаро можаролар ва низоларни ҳал қилишда воситачи ролини бажараётганини юқори баҳолашини таъкидлади.
13 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби билан учинчи давлат ҳудудида учрашиш истаги борлигини айтган эди. Кремль саммитнинг Евроиттифоқ давлатларидан бирида бўлиб ўтиши мумкинлигини маълум қилди. 4 май куни Байден учрашувнинг июнь ойида бўлиб ўтишини «умид билан кутаётгани»ни айтди. Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Путин ва Байденнинг учрашуви июнь ойида бўлиб ўтиши мумкинлигини, лекин аниқ саналар ҳали белгиланмаганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Жо Байден телефон орқали бўлган мулоқотда россиялик ҳамкасбига апрель ойининг ўртасида кўришишни таклиф қилган эди. Учрашувнинг аниқ санаси маълум қилинмаган. Оқ уй маъмурияти учрашувни учинчи мамлакатда ўтказишни таклиф қилган. Австрия ҳукумати учрашувга мезбонлик қилишга тайёр эканини билдирган. Кремль учрашувга расмий жавоб йўқлигини ва Москва бу таклифни ўрганаётганини маълум қилган эди.
Маълумот учун, июнь ойининг биринчи ярмида Америка президенти давлат раҳбари сифатида чет элга биринчи сафарини режалаштирмоқда. У аввал Буюк Британияга, кейин Бельгияга боради.
Изоҳ (0)