Ўзбекистон халқ артисти, «Келинлар қўзғолони», «Қора камар», «Рўйхатларда йўқ», «Нодирабегим», «Юлдузли тунлар», «Зебунисо», «Майсаранинг иши», «Искандар» ва мухлислар қалбидан жой олган яна бир қанча спектакллар режиссёри Баҳодир Йўлдошевнинг вафоти ўзбек санъати учун навбатдаги оғир йўқотиш бўлди. Таниқли режиссёрни хотирлаб, «Дарё» бундан ўн йиллар аввал ёзилган, санъаткор шахсининг бир оламини очиб берадиган эссени муаллиф имлосини сақлаб қолган ҳолда қайтадан эълон қилади.

Фото: Кинематография агентлиги ахборот хизмати

Йиллар наинки инсон умрини, балки унинг армонларини ҳам улғайтиради. Агар сиз Ижодкор дунёсини синчиклаб кузатсангиз, унинг одамларга етказиши керак бўлган, лекин... саҳнага сиғмай қолган ҳақиқатлари уммон қаърига чўккан жавоҳирдек, кўнглининг туб-тубига яшириниб ётганига гувоҳ бўласиз. Бу сара сирлар ҳаёт ноғорасининг шовқин-суронлари билан тиллашиб, унинг дағал рангларига мослашиб, ҳозиржавоб куйга айланмаганлиги боис ҳам қадрлидир. Аслида, Истеъдод ўз умрини мана шу ички ҳақиқатларнинг саркашлиги эвазига узайтиради... Шу боис бундай санъаткорларни ҳаётда қандай бўлса шундайлигича, бор мавжудлиги, бутун бўй-басти, барча мураккабликлари билан қабул қилиш керак, деб ўйлайман.

Ҳайратомуз саҳна асарлари билан театр санъати тарихида ўз муҳрини қолдириб улгурган режиссёр Баҳодир Йўлдошев нигоҳи эндиликда уриниб-суриниб санъат дунёсига кириб келаётган ёшларга қаратилганлиги Санъаткор мухлисларини ўйлантириши табиий. Шу ўй мени ҳам тингловчилар қаторида «Дийдор» театр-студиясининг машғулотларига етаклади. Санъаткордан ўрганаётган илмнинг илк хулосаси – ўзингнинг «дилетант» эканлигингни, ҳануз хомлигингни англаш. Бугун наинки санъат дунёсида, балки якранг матбуотимизда ҳам юзакилик билан ўзинг тушунмаган нарса ҳақида ортиқча ва ўринсиз сўзбозлик қилиш урфга айланган (назаримда, бу кемтиклик наслий касалликка ўхшайди). Негаки, биз қаламкашлар, танлаган шахсимизга кўпинча қотиб қолган, заиф салоҳиятимиздан келиб чиқиб ёндашамиз ва бу билан суҳбатдошимизни ҳам ўзимизнинг ночор даражамизга туширамиз. Натижада мақоламиз қаҳрамони ҳам азбаройи сайқаллашларимиз боис жўн ва қиёфасиз кимсага айланади.

Аҳён-аҳёнда «Баҳодир Йўлдошев нима иш билан банд экан?» дея режиссёр санъатидан мутаассир бўлган ихлосмандларнинг ҳақли саволлари қулоққа чалинади. У фақат ҳамма кўриб турган бинони – суратнигина тарк этган, холос. Яъни «фалон театрни» тарк этди дегани, бу – саҳнадан воз кечди, дегани эмас, асло! Муҳаббати, изтироблари уни ҳеч қачон тарк этмаганидек, уриб турган юраги – Театри ҳам у билан бирга. Бугун У мана шу юрагини асраш дарди билан овора... Муҳими, Санъаткор бу эзгу йўлда ёлғиз эмас! Уни тушунувчи-қадрловчи маслакдошлари атрофида. Улар кўмагида санъат дунёсининг остонасида турган ёшлар нигоҳини сана ҳақиқатлари-идеалларига қаратиш билан банд. Унинг сабоқлари қисқа ва равшан:

«Болалар биринчи навбатда томошабин сифатида шаклланишлари лозим. Мутолаасиз ҳеч ким эмассан. Ўзингни атрофингдагилар билан қиёслаб, ўткинчи нарсаларга алданиб қолма. Одамнинг туғилиши билан боғлиқ гап: у дунёга келди, деймиз, фалон мамлакатга келди демаймиз-ку! Сенларга тенгдош Лермонтов дунёга ўз сўзини айтиб улгурган эди. Бугун ёш болакай Рахманиновни пианинода чаляпти. Ҳолбуки, Рахманиновнинг мусиқаси ниҳоятда мураккаб.

Ҳақиқий китобхон учун адабиёт – шеърият ҳеч қачон муаммо бўлмаган. Сизлар учун Навоий, Бобур, Машраб, Ойбек, Пушкин, Лермонтов, Толстой кабилар ижод қилиб қўйган. Пушкин бу дунёни тарк этганига икки юз йил ҳам бўлгани йўқ. Абадият олдида икки юз йил – лаҳза ҳам эмас. Демак, Улар бизнинг замондошларимиз. Бошимиз устида мўлтираб турган Ой ва Қуёшни ҳамма буюклар кўрган, айни дамда биз ҳам кўрмоқдамиз. Александр Македонский, Амир Темур, Ҳазрат Навоий ҳам худди сизга ўхшаб мана шу осмонга тикилгани ҳақида би-ир ўйлаб кўринг! Бу самовий жисмлар ҳеч қачон ўзгармайди, турланмайди. Биргина Навоийни тушуниш учун ҳам бу дунёда яшасанг арзийди.

Санъатда унинг ўз одамлари бўлиши шарт. Театр руҳи Шахслар санъати эвазига яшайди, яшаради. Йўқса, унинг биноси замоннинг энг олд талабларига ҳар қанча жавоб бермасин, ундаги ҳаёт турмуш ташвишларидан толиққан, мункайиб қолган чолни эслатаверади... Созандалар, мисол учун Абдуҳошим Исмоилов, ишончим комилки, дағал нарсани ушламайди, бармоқларидаги сезги толаларини ўлдирмаслик учун. Биров ҳақида ёмон хаёлларга боришдан ўзини тияди. Негаки, қалбни асраб қолиш керак. Мен нима учун куюнаман? Тўйлар, ҳар қанақанги концертлар, ҳаваскорлар томонидан фақат чўнтакни ўйлаб суратга олинаётган фильмлар қалбни кемириб ташлайди... Қалб Оллоҳники – уни сотган товонини тўлашга маҳкум. Ахир, скрипка билан мих қоқилмайди-ку! Рол ўйнашдан мақсад — дардни ўзингники қилиш. Отеллонинг изтиробига актёр шерик бўлади. Қаҳрамонининг дардини очиш учун ҳам у саҳнага чиқади. Теранлашган туйғулар ёрдамидагина образ кечинмаларини қадрлаб-авайлаб ўзидан ўтказиш керак. Худди ҳаётдагидек песа қаҳрамонининг ҳам ўз дарди бўлади, унинг тақдири эса актёрнинг қўлида. Унинг тақдирини жувонмарг қилишга сизнинг ҳаққингиз йўқ. Оғриқни тушуна олмаганингиз учун эса томошабин айбдор эмас. Инсон қанчалик ўзгага ҳамдард бўла олса, дардини ололса, у ўшанчалик яхши ижодкор бўлади. Унутманг, Алишер Навоий «Боғ кўп, гулзор кўп, лекин сен ўз гулингни узиб чиқ» дейди. Бу ҳаёт бўстонидан ҳар бир ижодкор ўз гулини узиши шарт. Тўртта атиргулни узиб таскин топишингиз бу жуда кулгили, аянчли, чунки бу гулларни сиздан олдин ҳам узишган...»

Режиссёрнинг ички салоҳиятидан дарак берувчи ўй-кечинмалари тингловчини мушоҳадага чорлайди. Бугун, афсуски, аксарият актёрларимиз китобхон бўлмаганларидек, қалам аҳли ҳам том маънодаги томошабин эмас. Менимча, шу боисдан жиддий театрларимиз саҳнасида қишлоқ клубларида ҳаваскорлар томонидан қўйиладиган томошаларни эслатувчи спектаклнамо нимарсалар қўйилаётгандир. Бунда фақат «Томошабинни зериктирмаслик учун бўшашмай ўйнайвер!» ақидасига амал қилинаётгани аниқ.

Газетамиз муаллифларидан бири миллий театр саҳнасида қўйилган ўртамиёна спектаклни ҳимоя қила туриб, «Мен бу спектакль (гап кетаётган мазкур спектакль ҳақида Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетасида танқидий мақола чоп этилганди— I.Қ.) режиссёрини Баҳодир Йўлдошевдан-да истеъдодли эканлигини билдим, негаки Баҳодирда бй режиссёрдагидек миллий ифтихор туйғуси йўқ!», деди. Бу энди унинг шахсий фикри. Аммо ҳар қандай фикрда шу фикр муаллифининг шахсий даражаси ҳам ошкор бўлади. Унга биз: «Қора камар-чи?» деймиз. «Эй, у Эргаш Масафаевники-ку!», дейди суҳбатдошимиз. Изоҳга ҳожат йўқ. Санъаткорнинг бедор дунёсини ўзимдан ўтказиш асносида ич-ичимдан бир ҳақиқат сирқираб чиқади: йигирма йил олдин Аброр Ҳидоятов номидаги театр саҳнасида миллат оғриғи – миллий дард билан ўртанган қўрбоши Хуррамбекнинг мураккаб қисмати талқинида Баҳодир Йўлдошевнинг тирналган қалби қалқиб турарди. Раж Капур «Менинг ҳар бир картинам – автобиографик асардир», деб айтган. Шу мезондан туриб қарасак, мен ҳам негадир «Қора камар» спектаклини Баҳодир Йўлдошевнинг автобиографик асари сифатида кўраман.

«Дийдор» театр-студиясидаги ижодий муҳитнинг шаклланишида Б.Йўлдошев билан елкама-елка туриб хизмат қилаётган икки зиёли инсоннинг хизматидан кўз юмиб бўлмайди. Рус академик драма театрининг адабий эмакдоши Владимир Леонидович Островский! Қиёфасидаёқ театр руҳи акс этган бу нурли сиймонинг номи театр мухлислари учун бегона эмас, чунки у тирик театр энциклопедияси. Владимир Леонидовичнинг сабоқларини тинглаганингда, у муайян бир муассасанинггина эмас, балки умумсанъат оламининг адабий эмакдоши бўлса керак, деган ўйга борасиз. Рус театри биносининг биринчи қаватида унинг шинамгина хонаси бор. Бу мўъжаз даргоҳда ижодий кайфият ҳукмрон... Жавонда китоблар қалашиб ётибди. Ўзигагина хос бўлган аллаловчи оҳангда жаҳон театр санъатидаги энг сара саҳна асарлар тарихини ҳикоя қилиб бераркан, унинг сўзларини маъқуллагандек жавондаги суратлардан ўтган асрнинг буюк театр режиссёрлари Эфрос, кўзойнаги ортидан Товстоногов қараб туради...

Бир воқеани эсласам, ҳануз ичимни уят ҳисси емиради. Студия янги ташкил этилган кунлари. Миллий боғда Наврўз тантанасига тайёргарлик айни авж паллада. Студия тингловчилари билан биргаликда тадбир репетициясини Баҳодир ака бошқаряпти. Дарвоқе, ўтган йили ёзда бўлиб ўтган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали репетициясига ҳам мана шу тингловчилар жалб этилганди. Хуллас, Наврўз арафаси... Болалар тушгача майдонда, қуёш тиғи остида ишлаб, тушдан сўнг дарсга етиб келдилар. Островский болалар билан муҳокама қилиш ниятида атайин шулар учун «Култура» телеканалидан ёзиб олган Санкт-Петербургдаги машҳур театр режиссёри Лев Додиннинг ижодига бағишланган кўрсатув видеотасмасини қўйди. Толиққанларнинг айримлари кондиционер ишлаб турган салқин дарсхонадаги юмшоқ ўриндиққа чўкканча пинакка кетади... Ўшанда бу ҳолат қалби нозик бу инсонга шу қадар ёмон таъсир қиладики, худди боласи бедаво дардга чалингандек «Наҳотки?!» дея оғринган эди.

Хизмат тақазоси билан санъаткорлар сафида ижодий сафарларда бўлишга тўғри келади. Уларни ўзингча турли нуқталарда кузатасан. Сиртдан қараганда турфа хил, лекин аслан бир-бирига эгизак дунёқарашлар... Тасодифлар туфайли омманинг умумий савиясига мос келган тенгдошларимнинг ўз «эжод»ларидан мамнун қиёфалари... Шундай сафарларнинг бирида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Абдуллаев шундай деб қолди: «Баҳодир Йўлдошев мактабини кўрганингдан кейин ўзингга нисбатан талабчан бўлмасдан илож йўқ. Шунинг учун ҳам бошқа режиссёрларга мослашиш қийин кечади». Мен актёрнинг иқрорини ва айни дамда Баҳодир ака қўлида таҳсил олаётган йигит-қизларнинг ўйчанлигини тушунаман. Биргина Гоголнинг «Уйланиш» асари устида ишлаш жараёнида Подколёсин (Жўрабек Арзиев), Кочкарёв (Жамил Азляров), Агафя Тихоновна (Гулруҳ Йўлдошева) ва Анучкин (Ғофир Мардонов) ролларини ижро этаётган студия тингловчилари Гогол асарларининг экран ва саҳна талқинларини бир неча хил вариантини кўришдан ташқари, ёзувчининг ҳаёти ва ижодига тегишли адабиётларни ўқиб чиқишларига тўғри келди. Ҳар бир машғулотда режиссёр:

«Менга сизнинг қўғирчоқникидек пирпираб турган бўм-бўш сўниқ кўзларингиз керак эмас. Нигоҳда – қалб акс этади. Қалбингизни китоб нури билан тўлдиринг!» дея қайта-қайта таъкидлайди.

Шундай бўладики, айрим соҳаларнинг яралиши, умуман, қисмати фақат манфаат-у хоҳишлар тўқнашувидан иборатдек. Баъзан, наҳотки ҳаётнинг қонуни шу бўлса, деб ўйлаб қоласан. Афсус... Мақсад қандай қилиб бўлмасин, тезроқ поғонама-поғона ўсиш, бориш керак бўлган манзил эса замонавий тил билан айтганда, бор-йўғи «карьера». Бироқ Ўзбекистон халқ артисти Баҳодир Йўлдошевнинг ҳассос олами бу сўз билан асло келишолмайди! Йиллар унинг тим қора қайсар-жингалак сочларини ўз измига бўйсундирса-да, Санъатга муҳаббат борасида у ҳам баайни дардкашлари – суюкли қаҳрамонларидек муросасиз.

«Мени ёнғоқ ичига солиб, қўйиб, сен озодсан десангиз, мен ўзимни бутун дунёнинг хоқони деб сезаман...».

Бу залварли жумлалар унинг оғзидан айрича ҳайрат билан титраб чиқаётганда дониш нигоҳида бир ўт пайдо бўладики, бу ҳикмат тўрт юз йилдирки миллионлар дардини чекиб келаётган Ҳамлетникигина эмас, деган ўйга борасан. Ҳайрат – изтиробнинг сархуш фарзанди...

Муаллимнинг ўзгачалиги ҳам шундаки, қандайдир ёдлаб олинган қуруқ илмий, ўзининг ижодий ёки шоирнамо, хуллас, ҳаммалашган насиҳатнамо нарсалар ҳақидаги маъруза ўқиш унга мутлақо ёт. Менимча, Баҳодир ака фақат кўнгил кўзи билан кўрган, идрокида азоб уйғотиб, руҳини тўлқинлантирган, хуллас, Ўзи етиб борган нарсалар борасидагина мулоҳаза юритади, шуларнигина – ўзи «мазасини тотган таомнигина» одамларга илинади. Балки, маълум бир лаҳзаларда руҳан яшаганлиги боисдир, ҳар бир айтаётган ҳақиқати қалбга тўсиқларсиз етиб келар. У менга ҳаётнинг доғули ҳақиқатларидан бир зум ҳам кўз юммайдиган, ҳар қанча оғир бўлмасин, унинг кемтик томонларига қатъият акс этган нигоҳини тик қадай оладиган ва айни чоғда, туйғу, эҳтирос, хаёл одамидай туюлади. Иш жараёнида баъзан наинки унинг ўзи, балки бўлажак актёр-режиссёрлар ҳам устознинг ажабтовур хаёллари билан яйраётганига гувоҳ бўласан. У кишининг теша тегмаган ҳаётий латифаларини тинглаб туриб, кўз ўнгингда фақат космик миқёсларда фикр юритувчи йирик мутафаккиргина эмас, ўта халқчил инсон, содда-чапани ўзбек намоён бўлади. Бу икки хил усул хусусиятининг айнан бир нуқтада кесишиши томоша санъати билан шуғулланаётганлар учун жуда муҳим, деб ўйлайман. Ҳаёт ўзининг дағал ва жўн саволлари билан қаршисига барини теранлик билан «Ҳаёт – бошқача, унга муғомбирлик билан боқманг, ниҳоятда гўзал инсонлар бор эканлигига ишонинг», дея инкор этади.

Шундайлар борки, саҳна улар учун гўё мусобақа майдони. «Бу майдонда ўзингни бошқалардан устун эканлигингни, неларга қодирлигингни кўрсатиб қўйишинг шарт. Бу ерда МЕН ва менинг рақибларим бор!». Уларнинг ёруғ оламга келиб топган ҳикмати мана шу. Бир умр шу ақидага таяниб, умр кечирадилар. Ва санъатдаги ўз ўринларини қай даражада севишларини исботлаб берадилар. Ўйлашимча, бу «олишув»дан фақатгина бир индивид сифатида унинг ўзи нималарнидир ютар, қўлга киритар, бироқ... асло санъат эмас! Яъни у ўзининггина «ижодий»(?) солномаси ҳажмини кенгайтириши мумкин, холос.

Аслида, ижодкор курашиши мумкин бўлган ягона ҳудуд бу – унинг ҚАЛБИ. Ҳақиқий аёвсиз жанг – ғалабаю мағлубиятлар, йўқотишлару топишлар айнан шу ерда кечади...

Мазкур ҳақиқат Баҳодир Йўлдошев тилсимини ечишим учун ёрдам берди.

***

...Аниқ айтолмайман, бироқ Санъаткор босиб ўтаётган бу йўллар нимаси биландир менга Инсон матонатидан ҳикоя қилувчи «Чол ва денгиз» қиссасидаги кекса балиқчининг океандаги кечмишини эслатади. Балки ҳайрон қоларсиз, «нега айнан мискин қарияга қиёслаяпти», деб. Камдан кам уста балиқчигагина насиб этадиган Улкан Балиқ айнан унинг қарамоғига илинади. Поёнсиз океанда эса чолнинг бардошини яна бир карра синовдан ўтказиш учун шунга яраша қисмат ҳам кутарди: манзилга элтгунча минг бир машаққатлар билан қўлга киритилган ноёб ўлжа пешонасига эса акулаларга ем бўлиб бориш ёзилганди. Ўша дамда донишманд қария хаёлидан бир ўй қайта-қайта ўтарди: «Айбим шуки, мен денгизда ҳаддан ташқари узоқ қолиб кетдим...» Бироқ балиқнинг тилка-пора жасади ҳам соҳилда чолнинг Ким эканлигидан сўйларди...

Иқбол Қўшшаева

«Сукунат туғёнлари» китобидан.