Туркия 15 майдан бошлаб 16 та мамлакатдан келган сайёҳлар учун коронавирусга қарши ПЗР-тестини топшириш мажбуриятини бекор қилади. Бу ҳақда мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Фото: «Интерфакс»

«Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ички ишлар вазирлигига 16 та давлат фуқаролари учун 15 майдан бошлаб Туркияга киришда манфий ПЗР-тести натижаларини тақдим этиш мажбуриятини бекор қилишни кўзда тутувчи хат юборди. Бу мамлакатлар қаторига Хитой, шу жумладан, Гонконг ва Тайван, Вьетнам, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Таиланд, Жанубий Корея, Исроил, Япония, Буюк Британия, Латвия, Люксембург, Украина ва Эстония киритилди», — дейилади хабарда.

Туркия ҳукумати 2021 йилнинг бошида мамлакатга киришда манфий ПЗР-тест натижаларини тақдим этиш мажбуриятини жорий қилган эди. Аввал ушбу талаб март ойининг охиригача амал қилиши белгиланди, лекин кейинроқ бу тартибнинг амал қилиш муддати 26 майгача узайтирилди.

Маълумот учун, коронавирус билан касалланиш даражасининг кескин ўсиши сабабли Россия 15 апрелдан 1 июнгача Туркия билан авиақатновларни чеклаб қўйган эди. 17 майга қадар мамлакатда қатъий карантин жорий қилинди, бунинг натижасида эпидемиологик вазият яхшилана бошлади.

Бунгача Туркия ҳукумати мамлакатда коронавирус тарқалишининг кучайиши фонида 23–25-​​апрель кунлари тўлиқ комендантлик соати ўрнатган эди.

Аввалроқ Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига мувофиқ, 2021 йил 2 май куни Туркияга коронавирус инфекцияси тарқалишини бартараф этиш учун зарур бўлган тиббий буюмлардан иборат инсонпарварлик ёрдами юборилгани ҳақида хабар берилганди.