Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Фаластин–Исроил можароси юзасидан баёнот билан чиқди.

«Ўзбекистон Республикаси Шарқий Қуддусдаги вазиятнинг кескин тус олиши сабабли чуқур хавотирда эканлигини билдиради.

Томонларни зўравонликка чек қўйиш, вазиятни беқарорлаштиришдан сақланиш ва бундан буён қон тўкилишига йўл қўймаслик ҳамда мусулмон олами учун муқаддас ҳисобланган Ийд ал-Фитр арафасида можарони ҳал этиш бўйича барча имкониятларни сафарбар этишга чақирамиз.

Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини – статус-квога риоя этилишини таъминлаш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Фаластин–Исроил муаммоси халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ҳамда ‘икки халқ учун икки давлат’ тамойили асосида ҳал этилиши лозим», – дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Қуддуснинг ал-Ақсо масжидида Исроил полицияси ва фаластинликлар ўртасидаги тўқнашувлардан сўнг Ғазо секторини назорат қилувчи HAMAS гуруҳи Исроил ҳудудига ракета ҳужумларини бошлади. Бунга жавобан Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Фаластин ҳудудларига авиазарбалар йўллади. Мазкур ҳужумлар оқибатида 12 май ҳолатига кўра, 40 киши — Ғазода 35, Исроилда 5 киши ҳалок бўлди.