Қорақалпоқ давлат университетига ўқишга кириб қўйишни ваъда қилиб, бунинг эвазига 5 минг АҚШ доллари сўраган уч нафар шахс қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ҳамда ДХХнинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда И.Ж., Ж.Х. ва Д.Х. исмли шахслар олдиндан тил бириктириб, фуқаро Д.дан уни Қорақалпоқ давлат университетининг Жисмоний тарбия факультетига танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг доллар талаб қилган. Улар келишилган маблағнинг 3 мингини АҚШ доллари, қолган қисмини 20 миллион сўм кўринишида фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28-,211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қашқадарёда ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, 22 кишини 22,5 минг долларга чув туширган фирибгарлар ушлангани, Самарқандда ҳарбий олийгоҳлар ва Темурбеклар мактабига ўқишга киритишини айтиб, фуқаролардан қарийб 10 500 доллар пул олган аёл қўлга олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)