Forbes талқинига кўра дунёнинг энг кўп ҳақ олувчи спортчилари аниқланди.
Унга кўра икки вазн тоифасида собиқ UFC чемпиони Конор Макгрегор биринчи ўринни эгаллади. Ирландиялик спортчи илк марта 180 миллион доллар билан рейтингнинг энг юқори поғонасига лойиқ кўрилди. Ирландиялик жангчи бу сумманинг катта қисмини (150 миллион) ўз виски бренди сотилишидан ишлаб олган. MMA’да эса 32 ёшли жангчи 22 миллион доллар ишлаб топган.
Рейтингнинг иккинчи поғонасида «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси қайд этилди. Унинг даромади 130 миллион долларни ташкил қилди. У шундан 97 миллионини клубдаги маошидан, қолган 33 миллиони эса ҳомийлик шартномаларидан олган. Кучли учликка «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналду якун ясаб берди — 120 миллион доллар.
Қайд этиш жоиз, рейтингни тузишда спортчиларнинг 2020 йилнинг 1 майидан 2021 йил 1 майигача бўлган муддатдаги даромади ҳисобга олинган.
Forbes талқинига кўра дунёнинг энг даромадли спортчилари ўнлиги (2020) қуйидагича кўриниш олди:
1. Конор Макгрегор (MMA) — 180 миллион доллар;
2. Лионель Месси (футбол) — 130;
3. Криштиану Роналду (футбол) — 120;
4. Дак Прескот (американча футбол) — 107,5;
5. Леброн Жеймс (баскетбол) — 96,5;
6. Неймар (футбол) — 95;
7. Рожер Федерер (теннис) — 90;
8. Льюис Ҳемилтон — (автопойга) — 82;
9. Том Бреди (американча футбол) — 76;
10. Кевин Дюрент (баскетбол) — 75.
Изоҳ (0)