Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши бўйича суд якуний ҳукмни эълон қилди, дея хабар бермоқда Олий суд.

Қайд этилишича, 2021 йил 10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида Отабек Сатторий (1980 йилда Термиз шаҳрида туғилган, блогерлик фаолияти билан шуғулланади, муқаддам судланмаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди.

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси Т.Абдираимов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Отабек Сатторий айбловнинг жабрланувчи Н.Н.ни ҳақорат қилгани бўйича Жиноят кодексининг 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди билан ҳамда Т.К., А.Х. ва З.Х.га нисбатан такроран товламачилик қилгани бўйича Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбсиз деб топилиб, ушбу моддалар билан унинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли оқланди.

Отабек Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўлланиб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли орқали узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Ашёвий далил деб эътироф этилган 1 дона Vivo-Х50 русумли уяли телефон аппарати қонуний эгаси Л.Т.га, 1 дона Redmi 5+ русумли уяли телефон аппарати ва 1 дона Zotac русумли компьютер процессори қонуний эгаси судланувчи О.Сатторийга қайтарилиши белгиланди.

Термиз шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Ҳ.Бобоқулов томонидан 2020 йил 2 июль куни KSH 032769 SV сонли реестр билан тасдиқланган «Термиз Эко Экспресс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Т.Ш. билан Отабек Сатторий ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри «Маърифат» маҳалласи Истиқлол кўчаси 6-уйда жойлашган 42-рақамли квартирани О.Сатторийга сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди.

Термиз шаҳридаги хусусий нотариал фаолият билан шуғулланувчи нотариус Ҳ.Бобоқулов томонидан 2020 йил 2 июль куни KSH 032770 SV сонли реестр билан тасдиқланган «Термиз Эко Экспресс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Т.Ш билан О.Сатторий ўртасида тузилган Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри, «Маърифат» маҳалласи Истиқлол кўчаси 6-уйда жойлашган 44-рақамли квартирани О.Сатторийга сотганлиги бўйича тузилган олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилди.

«Термиз Эко Экспресс лойиҳа» МЧЖ раҳбари Т.Ш.дан судланувчи О.Сатторий фойдасига жами 234 835 000 сўм ундирилиши белгиланди.

Бундан аввал Прокурор суддан блогер Отабек Сатторий учун 11 йил қамоқ жазоси тайинланишини сўрагани, Отабек Сатторийга нисбатан саккизта айблов эълон қилингани ҳамда Бош прокуратура блогер Сатторийнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушганини маълум қилгани ҳақида хабар берилганди.