Тошкент метрополитени Ҳалқа йўлининг 7-бекатида 7 май куни соат 21:10 да электр энергияси ўчиб қолди. Бу ҳақда интернетда видеолар тарқалди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Фото: Видеодан скриншот

«Ўзбекистон темир йўллари» компаниясининг ҳолат юзасидан берган изоҳида айтилишича, узилиш шаҳарда содир бўлган. Бу станциядаги 100 дона лампадан иборат ёритиш тизими ўчишига олиб келган.

Ҳодиса метро поездлари ҳаракатига таъсир кўрсатмаган. Хабарда айтилишича, электр таъминоти кечки соат 22:00 да тикланган.

Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитени билан боғлиқ камчиликлар ҳақида кўп маротаба ёзиб келинмоқда. Жумладан, 18 март куни «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашди. 9 апрель куни ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди. Шу билан бирга метрополитендаги ерости ва ерусти поезд ҳаракатларининг бир нечта бошқа видеолари ҳам ижтимоий тармоқларда кўп бора муҳокама қилинди. 28 апрель куни эса туннелда тўхтаб қолган поезд ҳақидаги видео тарқалди, унда йўловчилар рельслар орқали ҳаракатланиб, бекатга етиб олгани тасвирланган.