Маданият вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Жамол Носиров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар қилди.
Маданият вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига Ўзбекистон чим устида хоккей федерацияси раиси Баҳодир Аҳмедов тайинланди.
Маълумот учун, Баҳодир Аҳмедов 1973 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ҳозирга қадар Олмазор тумани маданият ва спорт ишлари бўлими мудири, Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Тошкент вилоят маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи, маданият ва спорт ишлари вазирининг ўринбосари, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши раиси ўринбосари, Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари каби масъулиятли лавозимларда ишлаган.
Шунингдек, у маданият ва спорт ишлари вазири сифатида ҳам фаолият олиб борган. Тайинловга қадар эса Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида масъул лавозимда ишлаб келаётган эди.
Бундан аввал Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерига икки ўринбосар, Фарғона вилояти ҳокимига, Наманган вилояти ҳокимига, «Ўзгидромет» бош директорига ҳамда Тошкент вилояти ҳокимига янги ўринбосар тайинлангани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)