АҚШ президенти Жо Байден россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан июнь ойида Европада учрашишга «умид қилмоқда ва буни кутмоқда». Бу ҳақда у Оқ уйда бўлиб ўтган брифинг чоғида айтиб ўтди, деб ёзади «РБК».

Фото: Reuters

Журналистлардан бири президентдан июнь ойида Европага сафари чоғида Путин билан учрашиш кутиляптими деб сўради. «Ҳа, умид қиламан ва буни кутмоқдаман», — деди Байден.

Июнь ойининг биринчи ярмида Америка президенти давлат раҳбари сифатида чет элга биринчи сафарини режалаштирмоқда. Аввал у Буюк Британияга, кейин Бельгияга боради.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Путин ва Байденнинг юзма-юз  учрашуви иккала мамлакат учун ҳам фойдали бўлишини айтди.Унинг сўзларига кўра, Байден ҳақиқатан ҳам «ростгўйлик ва очиқликни муҳим», деб ҳисоблайди ва бу учун энг яхши қадамлардан бири — шахсан учрашишдир.

Бундан аввал Блинкен учрашувда сиёсатчилар икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилиши мумкинлигини айтган эди. Давлат котиби, Вашингтон Россия билан барқарор муносабатларни ўрнатишга интилаётганини айтган, агар Москва ҳам бунга қизиқиш билдираётган бўлса, албатта, дея қўшимча қилган. «Ўйлайманки, президент Байден президент Путин билан учрашганда бу ҳақда тўғридан-тўғри гаплашиш имкониятига эга бўлади», — деган Блинкен.

Байденнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан музокараларнинг алоҳида мавзуси Украинадаги вазият, хусусан, Донбассдаги қуролли можаронинг кескинлашуви бўлишини айтган.

Апрель ойи ўрталарида телефон орқали суҳбат чоғида Байден Путинга яқин ойларда нейтрал ҳудуд сифатида «учинчи мамлакатда» учрашишни таклиф қилди. Кейинчалик Оқ уй вакили Жен Псаки учрашув ёзда бўлиши мумкинлигини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Москва Америка президентининг таклифига ижобий баҳо бераётганини айтди. Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича АҚШ учрашувни Европа мамлакатларидан бирида ўтказишни таклиф қилган.

Россия президентининг ёрдамчиси Юрий Ушаков Путин ва Байден саммити июнь ойида ўтказилиши мумкинлигини айтди. «Июнь ойи танланди, ҳатто аниқ саналар ҳам белгиланган», — деди у, аммо аниқ саналарни ошкор қилмади.