Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида 2018 йил қурилиши бошлаб юборилган Оқсув—Деҳқонобод лойиҳасининг дастлабки босқичи ишга тушди. Тоза ичимлик суви келтирилишига бағишланган тадбирда бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ҳам иштирок этди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.

Фото: «Дарё»

Фото: «Дарё»

Таъкидланишича, Оқсув—Деҳқонобод лойиҳаси буюртмачиси «Ўзсувтаъминот» АЖ бўлиб, лойиҳачи сифатида «Ўзбеккоммуналлойиҳақурилиш» ДУК ва бош пудратчи этиб «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг «Махсус механизациялашган йўл станцияси» белгилаб олинган.

Деҳқонобод ҳокими Зоир Алиқулов туман марказига 78 км узоқликдан келган сувни татиб кўриш учун бош вазир ўринбосари Очилбой Раматовга узатмоқда.

Фото: «Дарё»

Деҳқонобод ҳокими ўринбосари Шердил Эргашевнинг маълумот беришича, айни кунга қадар тоғдан 78,8 км ичимлик сув қувури тортиб келинган бўлиб, мазкур қувурлар орқали бир суткада туман марказига 10 минг 800 метр куб тоза ичимлик сув келади. Шунингдек, ҳозирга қадар 2 та 500 метр кублик сув сақлаш ҳовузи, 1 та сув тақсимлаш иншооти қурилиши якунланган.

Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов Деҳқонободга 78 км узоқликдан келган сувни ичиб кўрмоқда.

Фото: «Дарё»

Лойиҳа тўлиқ ишга тушгач, туманнинг 78 фоизи ёки 116 та қишлоқдаги 113 минг аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади.

Фото: «Дарё»

Қўшимча қилинишича, қурилиш ишлари 2018 йилда бошланган бўлиб, лойиҳага жами 268 миллиард 400 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни кунга қадар 226 миллиард 400 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган.

Фото: «Дарё»