Мехико шаҳрида метро кўприги қулаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони 23 кишига етди, қурбонлар орасида вояга етмаганлар ҳам бор. Бу ҳақда шаҳар мэри Клаудия Шейнбаумнинг баёнотига асосланиб, El Universal хабар берди.

Фото: AFP

Аввалроқ маҳаллий ҳокимият 13 киши вафот этгани, 70 дан ортиқ киши жароҳат олгани ҳақида хабар берган бўлса, кейинчалик Шейнбаум 20 киши вафот этганига аниқлик киритди. 49 нафар жабрланувчи касалхоналарга етказилган.

«Қурбонларнинг айримлари кўприкдан ўтаётган транспортдан ўзлари сакраган», — деди шаҳар мэри.

Фото: Getty Images

Фото: EPA

Фото: EPA

Фото: EPA

Фото: Reuters

Фото: Reuters

Кўприк қулашини ёзиб олган кўча видеокузатув камераларидан олинган кадрларда кўприк устунларининг оралиғи поезд вагонлари билан бирга ерга қулаганини кўриш мумкин.

Мэрнинг сўзларига кўра, қутқарув ишларига кран чақирилган. «Конструкциянинг ўзида пайдо бўладиган хавф-хатарларнинг олдини олиш учун, биз кран келгунига қадар ишни тўхтатдик», — деди шаҳар ҳокими.

Кейинроқ El Universal кран ҳалокат жойига етиб келгани ва машинани хавфсиз ҳолатга келтириш учун манёврларни амалга ошираётгани ҳақида хабар берди. Шаҳар фуқаро муҳофазаси бўлими аҳолидан ҳалокат жойидан узоқроқ бўлишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, маҳаллий вақт билан 3 май куни 22:30 да (Тошкент вақти билан 4 май 08:30) Мексика пойтахтида 12-метро линияси кўприги поезд ўтиб кетаётган пайтда қулаб тушган. Ҳодисага метро кўприги устунларидан бирига автомобиль келиб урилиши сабаб бўлган.

 Воқеа жойига бир неча ўнлаб тез ёрдам машиналари, ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар етиб келган. Метро кўприги остидан ўтган йўлдан юриб кетаётган бир нечта автомобиль ҳам вайроналар остида қолган.