Британиянинг The Telegraph газетаси 2022 йилда тақдим этиладиган Apple Watch Series 8 «ақлли» соатларининг янги функциялари тўғрисида маълумот берди. Улар артериал босим, шунингдек, қондаги қанд ва алкоголь миқдорини инвазив бўлмаган усуллар орқали ўлчай олади, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Pixabay

Маълумотларга кўра, Apple ўзига шерик сифатида Rockley Photonics компаниясини танлаган — у соатлар инсон организмидаги янги кўрсаткичларни ўлчай олишини таъминлайдиган оптик датчикларни етказиб бериш билан шуғулланади. Бунга қадар ушбу компания бош директори босим, қанд ва алкоголь миқдорини ўлчайдиган датчикли тижорий қурилмаларнинг биринчиси 2022 йилда пайдо бўлишини оммага эълон қилганди.

Apple Watch Series 6 соатлари пулсни, қондаги кислород миқдорини ўлчай олади ва ЭКГнинг соддалаштирилган версиясини ёзиб олади — бу қурилма инсон соғлиғида жиддий муаммо борлигини олдиндан аниқлаш учун етарли. Инсон соғлиғининг яна учта янги кўрсаткичи эса соатларнинг саломатликни мониторинг қилиш имкониятини оширади. Бу диабет, гипертония ва бошқа кўплаб касалликлар юзага келишининг олдини олади.

Қондаги алкоголь миқдорини аниқлаш орқали, масалан, фойдаланувчини автомобиль бошқариш учун ҳаддан ортиқ мастлиги ҳақида огоҳлантиради. Буни автомобилнинг борт тизимига боғлаб қўйиш орқали ушбу кўрсаткич ортиб кетганда машинани ўт олмайдиган қилиб қўйса бўлади.

Аввалроқ Apple Watch «ақлли» соати пулснинг тез экани сабаб 4 ой давомида россиялик Александра Румянсевага машғулот режимини ёқиш кераклигини эслатиб туриб, унинг ҳаётини сақлаб қолгани тўғрисида хабар берилганди.