Фарғона вилоятида божхона бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда 30 миллион сўмлик маиший техникаларнинг мамлакат ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишининг олди олинди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири хабар берди.
Маълум қилинишича, Фарғона вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Тошлоқ тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида фуқаро Қ.Ж. бошқарувидаги Nexia автомашинаси тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда кўздан кечирилган. Натижада автомашина салони ва юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 30 миллион сўмлик 4 турдаги 77 дона маиший техника борлиги аниқланган.
Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)