Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

Самарқанд вилоятининг Ургут ва Булунғур туманида ер сотиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати

Департамент ҳамда ДХХнинг Ургут тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.М. танишига қарашли «Р.» фермер хўжалигининг 15 сотих ер майдонини фуқаро К.га ажратиб бериш эвазига фирибгарлик йўли билан 10 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департамент ҳамда ДХХнинг Булунғур тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Т.М. фуқаро С.нинг ишончига кириб, унга «М.» фермер хўжалигига қарашли ер майдонидан 25 сотихини 35 миллион сўм эвазига танишлари орқали олиб беришга ваъда бериб, олдиндан 10 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Қайд этилишича, ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бундан аввал Навоийда ўзганинг ер майдонини 47 миллион сўмга сотиб юбормоқчи бўлган шахс қўлга тушгани, Андижонда 6 гектар ерни 18 минг долларга сотмоқчи бўлган фермер хўжалиги раҳбарига жиноят иши қўзғатилгани, Тўрткўлда фуқарога 30 миллион сўмга 10 гектар ер олиб беришни ваъда қилган шахс ушлангани ҳамда Тошкент вилоятида қарийб 160 гектар ер ноқонуний ўзлаштириб олингани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар