Бухорода яшовчи 20 ёшли қиз ва унинг шериги моддий жиҳатдан қийналган бошқа қизни хорижга фоҳишалик қилиш учун жўнатаётган вақтда қўлга олинди, дея хабар бермоқда ИИВ.

Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси, Одам савдоси ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган.

Унда Бухоро вилояти Жондор туманидаги Аскарча қишлоғида яшовчи, 2001 йилда туғилган, турмушга чиқмаган Б.М. исмли қиз ва унинг жиноий шериги Жондор тумани «Занги» маҳалласида яшовчи 1990 йилда туғилган А.Ф. Уммон Араб Республикасидаги яна бир жиноий шериги 1988 йилда туғилган Р.М. исмли аёл билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Жондор тумани «Хўжаҳайрон» маҳалласида яшовчи, 1993 йилда туғилган Т.Ш. исмли қизнинг моддий аҳволи оғирлигидан фойдаланиб, уни Уммоннинг Маскат шаҳрида кўп пул топишга ишонтириб, фоҳишалик қилиш учун ёллаган.

Қиз жиноий шериги М.Р. орқали унинг номига Тошкент—Истанбул—Маскат йўналишли авиачипта расмийлаштириб, ушбу чипта, виза, чет элга чиқиш паспорти учун тўловларни ўзининг ҳисобидан тўлаш орқали уни моддий жиҳатдан ўзига қарам қилиб, Маскат шаҳрига етиб борганидан кейин харажатлар учун унга 5000 АҚШ доллари ишлаб бериши тўғрисида келишган.

Қиз ва унинг шериги Т.Ш.ни Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортидан Уммоннинг Маскат шаҳрига юбораётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси Тергов бошқармаси томонидан Б.М. ва А.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми «г, з» (айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан одам савдоси) бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан аввал Андижонда икки нафар танишини Туркияга фоҳишалик қилишга олиб кетмоқчи бўлган наманганлик аёл қўлга олингани, Тошкентда 8 ойлик ўғлини 10 минг долларга сотишга уринган аёл ушлангани ҳамда Туркияда яшовчи шахсга 22 ёшли қизни сотиб юборган тошкентлик аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида хабар берилганди.