15 апрель куни Тошкент вилоятида 75 минг долларга ер олиб бермоқчи бўлган сохта прокурор Бош прокуратура Ички хавфсизликни таъминлаш бошқармаси ва департамент ходимлари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, фуқаро А.Ж. ўзини Бош прокуратура департаментида, яқин қариндоши эса Бош прокуратурада юқори лавозимда ишлашини қайд этиб, фуқаро Б.Ю.га Тошкент вилояти ҳудудида 1,5 гектар ер майдони ажратилишида тегишли қарор чиқартириб беришни ваъда қилган.
Ҳужжатларни расмийлаштириш эвазига шу кунга қадар 51 100 долларни қўлга киритиб, қолган 24 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Таъкидланишича, гумонланувчи А.Ж. муқаддам Жиноят кодексининг қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун қидирувда бўлган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода мансабдор танишлари орқали 41 500 долларга ер олиб беришни ваъда қилган шахс қўлга олингани, Навоийда ўзига тегишли бўлмаган ерни 150 минг долларга сотмоқчи бўлган мансабдор шахс ушлангани, шунингдек, Фарғонада 8 гектар ер олишда ёрдам бериш эвазига 8 минг доллар олган собиқ кадастр ходими, Хоразмда 5 минг доллар эвазига ер олиб беришни ваъда қилган шахслар ушлангани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)