Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ётоқхонасида яшовчи талабада 10 апрель куни коронавирус аниқланганидан сўнг, талабалар турар жойи икки ҳафтага карантинга олинган эди. 12 апрелдан бошлаб, дарслар масофавий таълимга ўтказилган. Босма оммавий ахборот воситалари биринчи босқич магистранти Шаҳноза Холиқова ётоқхонадаги талабаларнинг карантиндаги ҳаёти қандай кечаётгани ҳақида «Дарё»га сўзлаб берди.

Фото: PressPhoto.Uz / Ҳусниддин Ато

Ўша куни бинодан ҳеч ким чиқарилмади

Ҳафтанинг шанба куни эди. Одатдагидай ўқишга тайёргарлик кўриб, чиқиб кетаётганимизда ётоқхонадан ҳеч кимни чиқаришмади. Иккинчи қаватдан вирус чиққанини айтишиб, барчани эшикдан ортга қайтараверишди.

12 апрелдан бошлаб, университетимиз карантинга олинди. Ётоқхонада яшовчи талабалар, магистрлар қаттиқ назорат қилина бошланди. Ҳатто ҳовлига ҳам чиқишга рухсат беришмади.

Фото: Шаҳноза Холиқова

Ҳамма шокка тушиб қолганди. Энди ўқишимиз, ишимиз, шунча режаларимиз нима бўлади деб ўйланиб қолдик. Озиқ-овқат масалалари ҳам сўроқ остида қолганди.

Ўша куннинг ўзидаёқ тест топширдик. Натижалар чиққунга қадар ётоқхонада ҳамма бир-биридан шубҳаланиб юрди. Ошхонага чиқса ҳам талабалар ниқобда эди.

Тест натижалари эртаси куни тушдан кейин чиқди. Бинонинг ҳар бир қаватига қўйилган микрофонда топширилган ҳамма тестлар яхши чиқди деб расман эълон қилишди. Бу хабарни эшитиб, қандайдир ўзимда енгиллик ҳис қилдим.

Фото: Шаҳноза Холиқова

Ректор бошчилигида ош қилиб беришди

Натижалар яхши чиққанидан ётоқхонадагиларга университет ҳовлисига чиқишга рухсат берилди. Кўчага чиқа олмасак-да, ҳеч йўқ шунга ҳам хурсанд эдик. Чунки шунча пайт кўчада юрган одам бирданига бир жойда ўтиришга мажбур бўлиб қолса ғалати бўларкан. Ўз-ўзидан стрессга тушиб қоларкан.

Аммо университет маъмурияти қараб турмади. Тезда волонтёрлар жамоаси ташкил қилинди. Уларга керакли маҳсулотлар рўйхатини ёзиб, пул бердик. Волонтёрлар дезинфекция қилиб олиб кириб беришди.

Адашмасам, душанба куни ётоқхонада дўконча ташкил қилинди. Нима керак бўлса ўша ерга олиб келиняпти.

Ётоқхонадаги талабалар учун 14 апрель куни дамланган ош.

Фото: ЎзЖОКУ

Ректоримиз ҳам деярли ҳар куни ётоқхонага келиб, хабар оляпти. Талабалар билан гаплашиб, кимга нима керак, нима камчилик бор деб сўраб турибди.

Бир куни ўзлари бош қош бўлиб ош қилиб бердилар.

Яна душанба куни университет маъмурияти томонидан ҳар бир қаватга 20 килограмм гуруч, 10 килограмм шакар, беш литрлик ёғ ва биттадан қўй берилди.

Фото: Муборак Тоирова

Бундан ташқари Wи-Фи ўрнатилган 3-4 та компьютер хонаси очиб берилган. Ҳозир дарслар онлайн ташкил этилаётгани учун бемалол ўша ерга кириб, Wи-Фиъдан фойдаланиб, дарсларга қатнашяпмиз.

Ҳар куни ижодкорлар билан турли учрашувлар ташкил этиляпти. Ким хоҳласа, чиқиб қатнашиши мумкин. Шанба куни кечки пайт ҳовлида бизга кино қўйиб беришди.

Қолаверса, университет ҳовлисида баскетбол, стол тенниси ўйнаш учун шароит яратилган.

Фото: Шаҳноза Холиқова

Ишнинг кўплиги ҳам аслида бахт экан

Хонада уч киши турамиз. Бир жойда сиқилиб қолмадик десак ёлғон бўлади. Лекин хонада бир бирмизга ноқулайлик туғдирадиган, халақит берадиган даражада асабийлашмадик. Кўпга келган тўй. Иш жойимга вазиятни тушунтириб, хонада ўтирдик.

Биласизми, деразамиз мактаб тарафга қараган. Деразадан кўчада мазза қилиб эркин юрган одамларни, югуриб юрган ўқувчиларни кўриб, жуда ҳавас қиляпмиз.

Фото: Шаҳноза Холиқова

Доим ўқиш иш деб у ёқдан бу ёққа чопиб, кўп чарчардим. Вазифаларнинг кўплиги ёқмасди, зерикардим. Энди тушундимки, қиладиган ишингиз, борадиган манзилингиз борлиги аслида инсон учун энг катта бахт экан. Ҳозир бир жойда қамалиб қолиб, ҳар қанча ишласам ҳам, ўқисам ҳам майли деяпман.

Карантин бизни бирлаштирди

Бошқа тарафдан олиб қараганда карантин биз учун фойдали бўлди. Сабаби шу пайтгача ўқиймиз деб хонага йиғиб қўйган китобларимиз кўп эди. Аммо иш, ўқиш деб югуриб юриб, ҳеч ўқишга ҳафсала қилолмаётгандик. Ҳозир бўш вақтимиз кўплиги сабаб аксарият китобларни ўқиб тугатдик.

Ҳар бир қаватда жойлашган талабалар дам олиш хонаси.

Фото: Шаҳноза Холиқова

Бундан ташқари ўзим насрда ижод қиламан. Кўпдан бери ёзаман деб ўйлаб юрган мавзуларим бор эди. Шу карантин баҳона хонада ўтириб бемалол ўша мавзуларда ижод қилишга имкон бўлди.

Мени энг қувонтиргани, бу ҳолат бизни бирлаштирди. Кўплаб, дўстлар танишлар орттиришимга сабаб бўлди.

Ётоқхонамиз саккиз қаватдан иборат, 200 дан ортиқ талаба бор.

Шу пайтгача ҳамма ўқиш-иш билан бўлиб, ўз гуруҳдошларидан бошқа ҳеч ким билан ортиқча муомала қилмасди. Мана шу бир ҳафтада ҳамма бир-бирга шунақа яқин бўлиб кетган. Бирорта хона ширинлик қилса олиб чиқади. Бирон нима пиширса ҳам бир-бирига илинади.

Ошхонада ҳам бугун ифторликка нима тайёрлаймиз деб маслаҳатлашиб, овқатлар пиширамиз. Дам олиш хонасига жойлар тайёрлаб, биргаликда «оғзимизни очамиз».

Талабалар ифторликда.

Фото: Мафтуна Адҳамжонова

Куни кеча ифторликка ош қилмоқчи эдик. Пиёзимиз тугаб қолибди. То волонтёрлар олиб келгунича бошқа хонадаги қизлар мана олинг деб бериб туришди. Ўзи ошхонада ҳамманинг бозорлиги бир жойда алоҳида пакетларда туради. Кимга нима керак бўлса, сўраб олаверади.

Кимнингдир туғилган куни шу кунларга тўғри келди. Ректорни ўзи келиб табриклаб, совға саломлар бериб кетди.

Университет ректори Шерзодхон Қудратхўжа талабалар билан учрашувда.

Фото: ЎзЖОКУ

Биз эса торт буюртма қилиб, кичик стол ташкил қилдик. Соат 00:00 бўлганда ҳаммадан олдин биз табрикладик. Бу нафақат биз, балки ўша қиз учун ҳам эсда қоларли кун бўлди деб ўйлайман.

Англадимки, бундай ҳолатлар инсонларни бир-бирига яқинлаштирар экан.

Фото: Шаҳноза Холиқова

Қисқа қилиб айтганда, карантин ҳаётнинг биз билсак-да, англамаган неъматларини ҳис қилишга ўргатди. Кейинимиз ҳақида яхшилаб мулоҳаза қилиб олишга имкон берди.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди