Россия Ташқи ишлар вазирлиги Москвадаги Чехия элчихонасининг 20 нафар дипломатини persona non grata (хуш кўрилмаган инсон) деб эълон қилди. Уларнинг барчаси 19 апрель охиригача Россияни тарк этиши керак, деб ёзади Meduza.

Фото: «РИА Новости»

18 апрель, якшанба куни кечқурун Чехия Республикасининг элчиси Витезслав Пивонка зудлик билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди ва россиялик дипломатларни Прагадан чиқариб юборилишига жавобан кўрилган мазкур чоралари тўғрисида хабардор қилинди.

Аввалроқ Чехия Прагадаги Россия элчихонасида ишлаётган барча — 18 нафар россиялик дипломатни ортга қайтариб юборган эди. Чехия ташқи ишлар вазирининг баёнотига кўра, дипломатларнинг ҳаммаси Россия махсус кучларининг офицерлари эканлиги Чехия разведкаси томонидан аниқланган.

Чехия, шунингдек, Россия махсус хизматларини 2014 йилда Врбетица шаҳридаги ҳарбий омборларда содир бўлган портлашларга алоқадорликда айблаган. Россиялик Александр Петров ва Руслан Боширов портлашларни уюштиришда гумон қилиниб, қидирувга берилган. Аввалроқ Буюк Британия уларни Солсберида Сергей ва Юлия Скрипалларни заҳарлаган Россия махсус хизматлари ходимлари деб атаган эди.

Москва Праганинг мазкур айбловларини бемаъни ва асоссиз деб атаб, «қаттиқ норозилик» эълон қилди.

«Ушбу душманона қадам аслида Чехия томонидан Россияга қарши сўнгги йилларда амалга оширилган ҳаракатларнинг давоми. Бу айбловларда Америка изини ҳам кўрмаслик мумкин эмас. Яқинда Американинг Россияга қарши санкциялар жорий қилиши фонида, АҚШга хушомад қилишни мақсад қилган Чехия расмийлари бу борада ҳатто америкаликларнинг ўзидан ҳам ўтиб кетди. Биз ушбу провокация муаллифларини мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларнинг нормал ривожланиш асосларини йўққа чиқаришда бутунлай ўзлари жавобгар эканини англашга мажбур қиладиган жавоб чораларини кўрамиз», — дейилади Москва баёнотида.

Аввалроқ Россия Украина консулини мамлакатда махфий ахборотни сотиб олишга урингани учун ортга қайтариш қарор қилганди. Украина ушбу ҳаракатга жавобан Киевдаги Россия элчихонаси катта дипломатини ватанига қайтарган.

АҚШ Россияга нисбатан қўллаган янги санкциялардан кейин Москва 10 нафар америкалик, 5 нафар польшалик дипломатни Вашингтон ва Варшавага қайтарган. Шунингдек, Россия ТИВ 8 нафар амалдор ва аввал ҳукумат тизимида ишлаган шахсларга нисбатан тақиқлар қўйилганини эълон қилганди.