Осиё Чемпионлар Лигаси 3-тури доирасидаги «Шаржа» — «Пахтакор» ўйинидан олдин матбуот анжумани ўтказилди. Унда «шерлар» бош мураббийи Питер Ҳюистра ва жамоа ярим ҳимоячиси Сардор Рашидов иштирок этди.

Фото: «Пахтакор»

Бизни уч кун ичида «Шаржа» билан ўтадиган икки ўйин кутмоқда. Бундай қисқа муддатда бир рақиб билан тўқнаш келишни ўзига хос ҳолат деб айтиш мумкин. Жамоалар учун қизиқарли тўқнашув бўлади. Биз ўйинга яхши тайёрланяпмиз. Рақибнинг аввалги беллашувларини таҳлил қилиб чиқдик. Ғалаба учун майдонга тушамиз.

«Шаржа» гуруҳда тўрт очко билан пешқадамлик қилмоқда. Шу сабабли бу жамоани учрашувдан аввал устунликка эга деб ҳисоблайман. Уларда яхши жамоа шаклланган, савияли футболчилари бор.

Жамоалар учун ҳақиқий синов тўртинчи ўйиндан бошланади. Футболчиларнинг жисмоний ҳолатини тетик ҳолда сақлаш, руҳий тайёргарлиги устида ишлаш осон бўлмайди. Шунинг учун бутун жамоа, мураббийлар штаби учун қизиқ давр. Рамазон ойи экани сабабли жамоани тетик ушлаб туришда кўп ишлаш керак.

Питер Ҳюистра, «Пахтакор» бош мураббийи

Шунингдек, Рашидов ҳам ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: «Пахтакор»

Эртага қизиқарли футбол бўлади. «Шаржа» — яхши жамоа, лекин биз фақат ғалаба учун майдонга чиқамиз. Ютуқ билан гуруҳда пешқадамга айланиб олишни хоҳлаймиз. Бу беллашув деярли олти очколик тўқнашувга айланади. Мақсадимиз фақат ғалаба.

«Ал-Жазира»да (БАА клуби, Сардор 2017—2018 йилларда ушбу жамоада тўп сурган — «Дарё») ўйнаган пайтим «Шаржа» кучайиб, чемпионга айланганди. Лекин энди «Пахтакор»да ўйнаяпман. Бу Чемпионлар Лигаси, умуман бошқа мусобақа. Биз ўзбек футболининг кучини кўрсатишни истаймиз. Жамоадошларим билан бор кучимизни берган ҳолда ютуққа эришишни истаймиз.

Сардор Рашидов, «Пахтакор» ярим ҳимоячиси

Эслатиб ўтамиз, «Шаржа» ва «Пахтакор» ўртасидаги учрашув 20 апрель куни Тошкент вақти билан 23:00 да бошланади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!